Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Саноат темир йўл транспорти бошқармасида маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2023 йилнинг ўзида 209 турдаги импорт ўрнини босувчи темир йўл транспорти эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди.
Натижада эса 21,7 миллиард сўм маблағ тежалди. Жорий йилда ҳам комбинат темирйўлчилари 238 турдаги деталларни тайёрлаш орқали 33,6 миллиард сўм маблағни тежашни режалаштирган. Айни пайтда юк ташишда асосий восита ҳисобланган 2VS-105 туридаги вагон-самосвалнинг 60 фоиз эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирги кунда ушбу турдаги вагон-самосвалнинг юқори рамасини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш устида изланишлар олиб борилмоқда. Шу кунгача ушбу эҳтиёт қисмнинг бир донаси хориждан қарийб 1 миллиард сўм маблағ эвазига харид қилинган.
Эндиликда ушбу эҳтиёт қисм корхонада ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Эҳтиёт қисмнинг ишлаб чиқариш харажатлари эса 500 миллион сўмни ташкил этади. СТТБнинг ушбу эҳтиёт қисмга бўлган йиллик эҳтиёжи 40 донани ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, биргина ушбу деталнинг маҳаллийлаштирилиши йилига 20 миллиард сўм маблағни иқтисод қилиш имконини беради.
Саноат темир йўл транспорти бошқармасининг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракатланувчи таркибнинг таъмир жараёнларида зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилиши самарали ўзлаштириляпти. Амалга оширилган ишлар натижасида импорт маҳсулотларининг ҳажми сезиларли даражада камаяди.
ОКМК матбуот хизмати