Тошкент вилоятидаги Чирчиқ индустриал технопаркида жорий йил 4-5 август кунлари ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳам қатнашмоқда.
Айтиш жоизки, 2021 йилда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида "Олмалиқ КМК"да 87 та лойиҳа бўйича 161,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш белгиланган бўлса, амалда 217,2 миллиард сўмлик маҳсулот бозорга чиқарилди. Режа 134,5 фоизга бажарилган.

“Олмалиқ КМК” АЖда жорий йилда 97 та лойиҳа доирасида 208,7 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, жорий йилда маҳаллийлаштириш Дастурига мувофиқ 21 та янги турдаги лойиҳалар бўйича 25,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йилнинг январь-июль ойларида маҳаллийлаштириш Дастури доирасида режалаштирилган 102 та лойиҳа бўйича ҳажми 129,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган бўлса, амалда 162 миллиард сўмлик иш бажарилган. Барча лойиҳалар бўйича режа кўрсаткичлари бажаришга эришилди ва 516,3 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Бугунги кунда 32 та янги турдаги лойиҳалар бўйича 31,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Қаттиқ қотишмали маҳсулотлар – сверло ва фрезалар, тош майдалаш тегирмони қопламаси, юқори ҳароратга чидамли керамик маҳсулотлар, вольфрам ангидриди, янчиш ускунасининг зирхлари, қуйма маҳсулотлар шулар жумласидандир.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида маҳаллийлаштириш Дастурида режалаштирилган 104 та лойиҳа бўйича ҳажми 171,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган. Амалда 204,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Жорий йил якуни бўйича импорт ўрнини босиш самарадорлиги 24,5 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.

– Комбинат томонидан тармоқлараро саноат ярмаркаси доирасида 2022 йилда кооперация шартномалари ҳажмини 560 миллиард сўмдан 900 миллиард сўмгача (яъни 160%) ошириш режалаштирилган, – дейди Бошқарув раисининг тижорат масалалари бўйича ўринбосари в.б. Камол Исмайилов. – Жорий йилнинг 7 ойида янги 28 турдаги 184,9 миллиард сўмлик аввал мамлакатимизда ишлаб чиқарилмаган маҳсулотларни ўзлаштириш орқали харид шартномалари тузилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда олиб борилган ишлар натижасида аввал импорт қилинган 130 турдаги маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ўзлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Жумладан, ярмарка доирасида “Тошкент механика қуюв заводи” АЖ билан 72 турдаги, “Интер техно пром” МЧЖ билан 8 хил, “Апитекс” МЧЖ корхонаси билан 10 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди. Бундан ташқари, “Андижон механика заводи” ШК билан 25 миллиард сўмлик меморандум имзоланиши кутилмоқда.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати ярмарка давомида барча тадбиркорлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ўзаро ҳамкорлик асосида ишлаш бўйича барча таклифларини кўриб чиқишга тайёр ва янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни биргаликда ўзлаштириш бўйича амалий таклифларини қўллаб қувватлайди.
ОКМК Ахборот хизмати
ЎзА