Ижтимоий соҳани фаол қўллаб-қувватлаб келаётган Олмалиқ кон металлургия комбинати ҳомийлигида Ангрен шаҳар Дукент қўрғонидаги “Дукент” маданият саройида реконструкция ишлари бошлаб юборилди.
Мазкур бино ўтган асрнинг 60 йилларида барпо этилган бўлиб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Реконструкция ишларига “Олмалиқметаллургқурилиш” трести сафарбар этилган. Ҳозирда бинода демонтаж ишлари бажарилмоқда.

Участка бошлиғи Сардор Исмоиловнинг маълум қилишича, демонтаж ишларига 60 нафар қурувчи жалб этилган. Демонтаж ишлари 25 кунда бажарилиши режалаштирилган. Комбинат ҳомийлигида реконструкция қилинаётган ушбу маданият саройи тўлиқ замонавий қиёфага келтирилади. 2 қаватли бинонинг том қисми буткул янгиланиб, эски турдаги ойналар ўрнига пластик ромли ойналар ўрнатилиб, иситиш, совуқ ва иссиқ сув тизимлари алмаштирилади. Маданият саройида битта катта томошалар зали бўлиб, у 500 ўринга мўлжалланган. Реконструкция ишлари давомида томошалар зали ҳам замонавий кўринишга келтирилади. Сарой ҳудуди тўлиқ ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилади.

Қурувчилар куни арафасида старт олган реконструкция ишлари йилнинг охирида якунланиши режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, маданият саройи ангренлик ёшлар учун яна бир севимли масканга айланади.

Маълумот учун, комбинат ҳомийлигида 2020 йили Ангрен шаҳрида “Дельфин” ёпиқ сув ҳавзаси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган. 2023 йилда эса комбинат маблағлари эвазига Паркент туманидаги “Чотқол” маданият саройи тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилган.
Жорий йилнинг июль ойида эса комбинат ҳомийилигида капитал таъмирланган Сирдарё вилояти, Сирдарё туманидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган 71-сонли мактаб-интернати биноси фойдаланишга топширилди.
ОКМК ахборот хизмати