Боку шаҳрида жорий йилнинг 30 август – 3 сентябрь кунлари Озарбайжон халқи етакчиси Ҳайдар Алиевнинг хотирасига бағишланган гандбол бўйича эркаклар ўртасида халқаро турнир ўтказилди.
Мазкур турнирда Озарбайжоннинг “Кюр”, “Боку”, “Қорабоғ” ҳамда Қозоғистон миллий термаси ва “Остона” жамоалари қатнашди. Мамлакатимиз шарафини эса халқаро турнирда ОКМК жамоаси муносиб ҳимоя қилди.

Мураббий Ҳасан Қаюмов бошчилигидаги вакилларимиз барча учрашувларни кўтаринки руҳда ўтказиб, ғалабалар сериясини тақдим этди. Жумладан, 31 август куни “Остона” 45-23 ҳисобида мағлуб этилди. 1 сентябрь куни вакилларимиз мезбонларнинг “Кюр” жамоаси устидан 31-25 ҳисобида ғалаба қозонди. 2 сентябрь куни “Боку” жамоаси ҳам 30-20 ҳисобида мағлуб этилди. Финал ўйинида вакилларимиз Қозоғистон миллий терма жамоасидан устун келган ҳолда ғалаба нашидасини сурди. Шу тариқа ОКМК гандболчилари халқаро турнир ғолиби бўлди.
Маълумот учун, ОКМК эркаклар гандбол жамоаси 2023 йилда Италияда ўтказилган гандбол бўйича анъанавий 50th Interamnia World Cup мусобақасида қатнашиб, жаҳон кубогини қўлга киритган эди.
ЎзА