Маълумки, ҳар йили мамлакатимизда август ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни сифатида нишонлаб келинади.
Сана муносабати билан Олмалиқ шаҳрида ўтказилган байрам тадбирида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бошқарув раисининг ходимлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Саъди Шерматов комбинат бунёдкорларини самимий муборакбод этди. Комбинат қурувчилари нафақат саноат балки ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ишларида ҳам фаол эканликларини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан ОКМК бошқарув раиси Абдулла Хурсановнинг буйруғига кўра, 3 нафар соҳа вакили турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан рағбатлантирилди. Шунингдек, 19 нафар қурувчига фахрий ёрлиқ, 42 нафарига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. “Металлург” маданият саройининг ижодий гуруҳлари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди.

Бугунги кунда комбинат таркибида қурилиш соҳаси билан боғлиқ Инвестициялар ва капитал қурилиш департаменти, Капитал қурилиш бошқармаси, Лойиҳа ишлари бошқармаси, Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси ҳамда “Олмалиқметаллургқурилиш” трести каби бўлинмалар фаолият юритиб келмоқда.

Комбинат бунёдкорлари томонидан айни кунларда Ангрен шаҳрида “Дукент” маданият саройи реконструкция қилинмоқда. Жиззах вилояти, Зомин туманида комбинат ишчи-ходимлари учун сиҳатгоҳ барпо этиляпти. Бундан ташқари, комбинат қурувчилари Рух заводида 6-сонли Сульфат кислотаси цехи қурилишида фаол иштирок этмоқда. Ковулди кони негизида барпо этилаётган янги Олтин саралаш фабрикасининг қурилиши ҳам комбинат бунёдкорлари томонидан амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси томонидан янги қурилаётган 3-Мис бойитиш фабрикасининг ишга туширилишини жадаллаштириш учун фабрика объектларида технологик ускуналарни энг мураккаб қисмларини йиғиш-монтаж ишларининг ҳам бажарилаётганини алоҳида айтиш лозим.
А.Мусаев, ЎзА.