Олмалиқ кон-металлургия комбинатида “Аёлларни эъзозлаш ойлиги” доирасида “Раҳбар билан ёшлар ва хотин-қизлар” учрашуви ўтказилди.
Унда “Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов, комбинат ёшлари ҳамда фаол хотин-қизлар иштирок этди. Учрашув аввалида мега лойиҳа доирасида барпо этилган 3-Мис бойитиш фабрикаси ҳақида фильм намойиш этилди.


Самимий руҳда ўтган очиқ мулоқот давомида илм-фан, спорт, ахборот технологиялари, адабиёт, ҳуқуқ соҳаларида ютуқларга эришган хотин-қизлар сўзга чиқишиб, муваффақиятга эришиш сирлари ўртоқлашилди. Жумладан, “OKMK KIDS” платформаси муаллифлари номидан Ижтимоий объектлар бошқармаси 22-сонли мактабгача таълим ташкилоти услубчиси Гавҳар Жўраева дастур ҳақида тақдимот ўтказди. Унинг асосий мақсади — мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини замонавий рақамли ечимлар асосида методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўлиб, у МТТ ходимлари ва педагоглари учун методик материалларни ягона тизимга келтириш ҳамда амалий ёрдам тақдим этади. Болаларда ОКМК фаолияти, касблари ва қадриятларига нисбатан ижобий муносабатни шакллантиради.
Тадбир давомида, шунингдек, Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси Ишлаб чиқариш техник бўлими биринчи тоифали техниги Зуҳра Уралова “Зангламайдиган пўлатларни тозалаш ва пассивлаш пастаси” номли рационализаторлик таклифини тақдимот қилди. Зуҳра опа ва у каби изланувчан мутахассислар 2026 йилда ҳам корхоналардаги долзарб муаммоларни ўрганиб, самарали рационализаторлик таклифларини бериш устида изланмоқда.


Мазкур таклиф жамоавий ишлаб чиқилган бўлиб, у импорт ўрнини босиши билан аҳамиятли ҳисобланади. Логистика харажатлари, қўшиладиган ҚҚСни инобатга олсак, импорт маҳсулоти анча қимматга тушади. Маҳаллий шароитда ОКМКда мавжуд бўлган компонентлардан ва уларнинг оптимал пропорцияларини аниқлангандан сўнг рационализаторлик таклифи расман тақдим этилди ва қўллаш учун рухсат олинди. Жорий этилган паста самарадорлик жиҳатидан импорт маҳсулотдан қолишмайди. Комбинат мутахассислари таклиф этаётган маҳсулот эса анча арзон бўлиб, валюта маблағларини тежашга хизмат қилади.
Мулоқот давомида кўплаб фаол хотин-қизлар сўзга чиқишиб, ҳаётий кечинмалари, ютуқ-муваффақиятларини ўртоқлашди.


Тадбирда сўз олган ОКМК бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов комбинат хотин-қизларининг технологик ишлаб чиқариш жараёнида эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат қилаётгани таҳсинга лойиқ эканлигини таъкидлаб, ёзувчи ва шоирлар қидириб юрган замонамиз қаҳрамонлари аслида комбинат корхоналарида эканлиги ҳақида гапирди. Комбинатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар йўлга қўйилгани, бугунги кунда олима аёлларнинг борлиги, улар томонидан илгари сурилаётган инновацион ғоялар ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этилаётгани барчани ғурурлантиришини айтиб ўтди. Шунингдек, хотин-қизларнинг касбий маҳоратини ошириш ва лидерлик салоҳиятини юзага чиқариш масалалари ҳақида фикрлашилди.
А. Мусаев, ЎзА