2025 йилда Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) томонидан барча ишлаб чиқариш режа ва прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди.
Бу ҳақда комбинат Ахборот хизмати бошлиғи Умида Қаршибоева 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифаларга бағишланган брифингда маълум қилди.
Маълум қилинишича, 2025 йил якунида саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 51,6 трлн сўмни ташкил этиб, йиллик прогноз 119 фоизга бажарилган. Ўсиш суръати 134,5 фоиз бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 13,2 трлн сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарилганини англатади.
Маҳсулот турлари кесимида қаралганда, жорий йилда 148,5 минг тонна мис ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 11,1 минг тоннага кўпдир. Шунингдек, олтин ва кумуш ишлаб чиқариш бўйича ҳам прогноз кўрсаткичлари ошиг‘i билан бажарилди.
Сўнгги тўққиз йиллик давр таҳлилига кўра, 2016 йилга нисбатан мис ишлаб чиқариш 140,8 фоизга, олтин 139,8 фоизга, кумуш эса 163,5 фоизга ошган.
Инвестиция лойиҳалари доирасида 2025 йил 27 март куни 3-Мис бойитиш фабрикасида биринчи концентрат олинди. Фабрика йил давомида синов режимида ишлаб, 130 млн долларлик маҳсулот ишлаб чиқарди. Жумладан, 58 млн долларлик олтин, 4,85 млн долларлик кумуш ва 65,9 млн долларлик мис маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Инвестиция дастурлари доирасида тўғридан-тўғри хорижий кредитлар ҳажми 600,2 млн долларни ташкил этди. Шунингдек, оҳак заводида битта, мис эритиш заводининг нодир металлар цехида иккита айланма печ фойдаланишга топширилди, янги портловчи моддалар заводи ишга туширилди.
2025 йилда комбинат томонидан давлат бюджетига 23,57 трлн сўм тўлов амалга оширилди. Бу 2024 йилга нисбатан 4,2 трлн сўмга кўпдир.
Операцион харажатларни қисқартириш ҳисобига 1,9 трлн сўм тежамкорликка эришилиб, маҳсулот таннархи 11,8 фоизга пасайтирилди. Экспорт ҳажми эса 510,4 млн долларни ташкил этиб, прогноз 104,2 фоизга бажарилди.
Шу билан бирга, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1,31 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Саноат кооперацияси бўйича харидлар ҳажми 4,2 трлн сўмга етказилди.
2025 йилда рақамлаштириш, автоматлаштириш ва сунъий интеллект тизимларини жорий этиш доирасида 26 та лойиҳа ишга туширилди. Қалмоққир ва “Ёшлик I” конларида кон-транспорт бошқаруви, видеотаҳлил ҳамда хавфсизликни оширишга қаратилган замонавий тизимлар жорий этилди.
ЎзА