Ҳокимлик мен учун мансаб эмас, масъулият
Коронавирус пандемиясига қарши курашиш мақсадида жаҳон миқёсида жорий қилинган карантин чекловлари иқтисодиётга ўзининг жиддий таъсирини кўрсатмоқда.
Коронавирус пандемиясига қарши курашиш мақсадида жаҳон миқёсида жорий қилинган карантин чекловлари иқтисодиётга ўзининг жиддий таъсирини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилиб, ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Сирдарё вилояти Боёвут туманида ҳам вазиятни яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор.
ЎзА мухбирининг Боёвут тумани ҳокими, сенатор Дилфуза Ўролова билан суҳбати ҳам худди шу масалага бағишланди.
– Дилфуза Жумановна коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, туман иқтисодиётини бир меъёрда ушлаб туриш, ишлаб чиқаришни тиклаш учун Сиз раҳбарлик қилаётган туманда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Саволни бир мунча қийин, аммо кутилган мавзудан бошладингиз. Аввало, глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Президентимиз томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва ҳужжатлар биз учун дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Ушбу ҳужжатларда бугунги жараёнда амалга оширишимиз ниҳоятда муҳим бўлган вазифалар, юридик ва жисмоний шахслар ҳамда якка тадбиркорларга солиқ ва кредит масалалари бўйича бир қатор имтиёзлар белгилаб берилди. Бундан барча ҳудудлар қатори туманимиздаги тадбиркорлик субъектлари ҳам кенг фойдаланмоқда.
Туманимизда жорий йилнинг 1 январь ҳолатига фаолият кўрсатаётган 1 минг 461 та тадбиркорлик субъектларидан карантин даврида 703 та корхонанинг фаолияти тўхтади. Натижада улардаги 1 минг 492 нафар ишчи ходимлар ишсиз қолди. Давлатимиз раҳбари фармонлари ижросини таъминлаш доирасида туманда кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектларининг 598 таси карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ишлаш шарти билан фаолиятини тиклади. Бу орқали эса вақтинча ишсиз қолган 1 минг 189 нафар аҳоли яна ишлаш имкониятига эга бўлди.
Айни вақтда, қолган 105 та тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тиклаш орқали 303 нафар аҳолининг бандлигини таъминланишни режалаштирганмиз.
– Боёвут туманида камбағаллик даражасида яшаётган фуқаролар шароитини яхшилаш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
– Камбағалликни қисқартириш масаласи кўтарилган пайтдан бошлаб биринчи галда туманимиздаги иқтисодий комплекс билан маҳаллабай, ҳар бир хонадоннинг оилавий аҳволи тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилди. Ўрганиш натижасига кўра, бугунги кунда тумандаги 2 минг 17 та хонадонда яшовчи 8 минг 719 нафар фуқаро ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги аниқланди.
4 та сектор раҳбарлари томонидан «Темир дафтар» юритилиши йўлга қўйилиб, бу борада «Онлайн» дастур яратилди ва секторлар фаолиятини баҳолаш мезони ҳам ишлаб чиқилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, пандемия шароитида бир ойда ўртача бир кишига тиббий меъёр бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари учун 173 минг сўм ва бошқа харажатлар учун 150 минг сўм, жами бўлиб 323 минг сўм маблағ талаб этилар экан. Бу эса камбағаллик шароитида яшаётган 8 минг 719 нафар фуқарога нисбатан ҳисоблаганда 1 ойга жами 2 миллиард 800 миллион сўм, 3 ойга 8 миллиард 400 миллион сўм маблағ зарурлигини кўрсатади. Мазкур харажатларни қоплаш учун 8 минг 719 нафар фуқаро – 595 та ҳомий ташкилотлар томонидан оталиққа олинди. Ҳомийларнинг 102 нафари тадбиркор, 444 нафари фермерлар бўлса, яна 49 таси ташаббускор ташкилотлардир.
Президентимиз томонидан илгари сурилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида жами 2 минг 498 та эҳтиёжманд оилаларнинг 2 мингдан ортиғига озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда, 113 нафарига нақд пул кўринишида ва яна 378 нафарига бошқа турларда ёрдам кўрсатилди.
Халқимизда «Қўлдан берганга – қуш тўймас», деган ажойиб нақл бор. Президентимиз аҳолини камбағаллик даражасидан чиқариш учун уларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш кераклигини кўп айтадилар.
Биз ҳам айнан ана шу тамойилга мувофиқ аҳолининг бу қатламига мансуб меҳнатга лаёқатли минг нафардан ортиғига ғалладан бўшаган майдонлар ҳисобидан ҳар бирига 1 гектардан ер ажратилди. 200 нафарга яқин фуқароларни эса «Ҳар бир оила – тадбиркор» давлат дастури доирасида тумандаги 3 та: акциядорлик тижорат «Агробанк», «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк»лари орқали имтиёзли кредит ажратиш билан июль ойи давомида тўлиқ бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди.
Яна шуни айтиш керакки, туманимиз асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашганлиги сабабли ҳокимлигимиз захирасидаги оборотдан чиқарилган 98 гектар экин ерларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида – 4 та қишлоқ хўжалиги кооперациялари ташкил этилди. Бу билан 200 та камбағал оиланинг ишсиз ёшлари банд қилинди. Уларнинг ҳар бирига, ишни йўлга қўйиб олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида – энг кам иш ҳақининг 10 баробаригача бўлган миқдорда субсидия маблағлари берилди.
Бундан ташқари, туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга оид давлат дастурлари доирасида 117 та ташаббускорга 4 миллиард 200 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Шунингдек, аҳоли томорқа хўжаликларига 183 миллион сўмлик субсидия маблағлари ажратилиши ҳисобига 82 та оиланинг томорқасига кичик иссиқхоналар қуриб берилган бўлиб, уларнинг 12 тасига 7 миллион 900 минг сўмлик уруғлик ва кўчатлар, 8 тасининг томорқасига 11 миллион 200 минг сўмлик сув насослари ўрнатиб берилди.
Инқирозга қарши курашиш маблағлари ҳисобидан туманимизда амалга оширилаётган қурилиш ишларига камбағал оилаларнинг яна 200 нафар вакиллари ишга жойлаштирилди.
– Янги лойиҳаларни ишга тушириш билан нафақат камбағал оила аъзоларини, балки, банд бўлмаган фуқароларни ҳам доимий даромад манбаи билан таъминлаш мумкин. Туманда банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган янги лойиҳалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Албатта, бу жуда муҳим. Аҳоли бандлигини тахминлаш нафақат уларнинг турмуш даражасини юксалишига, балки иқтисодиётимизнинг ҳам равнақига асос бўлади. Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида туманимизда 2 та йирик лойиҳа амалга оширилиб, 2 та йирик ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширсак яна 1 минг 200 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.
Қайсидир оила ёки фуқаронинг камбағаллик даражасига бориб қолишига асосий сабаб унинг маълум бир касб-кор эгаси бўлмаганлиги, ишсизлиги сабаб бўлган. Уларни ана шу шароитдан чиқариш ва ишсиз фуқароларни камбағаллик даражасига тушиб қолмаслиги учун вилоят бандлик бошқармаси ва туман бандлик маркази томонидан уларни касб-ҳунарга қайта тайёрлаш қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитиб, янги лойиҳалар асосида ташкил этилаётган иш ўринлари билан таъминлаш асосида ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб бораяпмиз.
Биргина туманнинг пахта майдонлари бириктириб берилган «Боёвут техно кластер» масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ) томонидан ўзи етиштирган пахтани қайта ишлаб, ип-калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳасини амалга ошириш орқали 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Ҳозирда корхонада қурилиш ишлари бошланган, хориждан 90 та контейнерда 14 миллион АҚШ долларлик замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар келтирилди.
Шу билан бирга, «Стелла мода» МЧЖнинг тикувчилик фабрикаси томонидан туманда текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини ишга тушириш орқали 400 та янги иш ўрни яратилиб, тумандаги банд бўлмаган хотин-қизлар иш билан таъминланади. Бу ерда ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
– Туманда аҳоли ҳаётини янада яхшилаш учун яна нималарга эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайсиз?
– Аҳолининг турмуш фаровонлиги ошириш, ҳаётларига мазмун киритиш учун энг аввало уларни кафолатланган даромад билан таъминлашимиз керак. Ундан кейин эса аҳоли дам олиш масканлари, хиёбон, кинотеатр ва маданият марказлари сонини янада кўпайтиришимиз керак.
Боёвутни ҳали мамлакат миқёсида намунали туманга айлантирамиз. Бизнинг фуқаролар Гулистон ёки Тошкентга эмас, улар Боёвутга келиб маданий ҳордиқ чиқарадиган бўлади. Лекин бу ҳозирча бироз вақт талаб қилади.
– Ҳокимлик, сенаторлик, оналик ва оила бекаси бўлиш. Сизга қайси бири кўпроқ масъулият юклайди?
– Менинг назаримда, у сенатор бўладими, ҳоким ёки бирор масъулиятли лавозимда ишлайдими, ўзбек аёли учун оила биринчи ўринда туриши шарт. Оилада – оила бекалигидан ҳам муҳимроғи бу унинг оналиги, деб ўйлайман. Аёл биринчи навбатда оналигини ҳис қилиши, унинг масъулиятини тушуниши керак.
Лекин менинг вазиятимда, ҳозирги жамиятда ўз ўрнимга эга бўлишим учун ҳам оналик, ҳам турмуш ўртоқ, ҳам сенатор, ҳам ҳоким сифатида барчасига масъулиятни бирдек зиммамга олишга ҳаракат қилаяпман ва бунинг уддасидан чиқаяпман, деб ўйлайман.
– Аёл бошингиз билан раҳбарлик қилиш, яна вилоятнинг энг катта туманини ҳоким сифатида бошқариш қийин эмасми?
– Албатта қийин. Бунинг учун инсонда аввало ўзига бўлган ишончи мустаҳкам бўлиши керак, деб ўйлайман. Энг муҳими, Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар менимча раҳбарликнинг янги тизимини шакллантирди. Яъники, собиқ иттифоқ давридагидек, креслода ўтириб олиб, бажариб бўладиганми, бўлмайдиганми, ижроси билан ҳам қизиқмасдан буйруқлар юкламасини қалаштириб, гердайиб ўтириш эмас, балки, аввало фуқаролар турмуш шароитини яхшилаш, юрт равнақини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросида, янаям аниқроқ айтганда, шу халқнинг шу юртнинг хизматини қилиш, бу ишларни амалга оширишда ҳар бир раҳбарнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этиши тизими яратилди. Кимки ана шу тизимни ишлата оларкан, барча ислоҳотларни бирдек, босқичма-босқич амалга ошира олади ва шу ишни ҳам меъёрлар талаби даражасида олиб бора олиши мумкин, акс ҳолда, у бу ритмни бузиб қўяди.
– Ўзингиз, оилангиз ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.
– Мен оддий бир қишлоқ қизиман. Сирдарёнинг Мирзаобод туманида зиёлилар оиласида дунёга келдим ва тарбияландим. Отам ўқитувчи, онам уй бекаси бўлган. Ҳозир мени 4 нафар фарзандим бор. Улар ҳам отам ва мен каби педагог бўлиш истагида. Улардан 2 нафари олийгоҳни тамомлаб педагог сифатида фаолият юритаётган бўлса, яна 2 нафари Гулистон давлат университетида таълим олмоқда. 4 нафар шириндан-шакар набираларнинг бувисиман.
– Фарзандлар ота-оналарининг тақлидчилари, дейишади. Оилада улар кўпроқ кимга тақлид қилади?
– Тўғрисини айтганда, ўзим баҳо берсам ўта субъектив бўлиб қолади. Ундан кейин фарзандларимизнинг кимга кўпроқ тақлид қилиши ўзимизга унчалик билинмайди. Аммо фарзандларим бирор бир хоҳиш-истакларини менга билдиргани билан сўнгги қарорни турмуш ўртоғим қабул қилади. Шунга қараганда, ўйлашимча, фарзандларим кўпроқ отасига тақлид қилса керак.
Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, сенаторлик, ҳокимлик, оналик фаолиятингизда омад ёр бўлсин.
– Шунча туман ва шаҳар ҳокимлари орасидан, «Аёл кишику» демай, суҳбатдош сифатида мени танлаганларингиз учун раҳмат. Шу ўринда, мен мунтазам кузатиб, севиб ўқиб ва тан олиш керак, кундан-кунга янгидан-янги рукн, мавзуларда мазмун-моҳиятини янгилаб бораётган ЎзАнинг ижодий жамоасига ҳам миннатдорлик билдираман.