Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Океан ортидан Тошкентгача: Ўзбекистондаги америкаликлар тарихига бир назар
08:13 / 2025-12-24

XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистон ўлкасида америкаликларни учратиш ғоят ноёб ҳодиса эди. Петербург ва Туркистон генерал-губернаторлиги маъмурияти океан ортидан келган сармоядорлар ҳамда савдо-саноат вакилларини Россия империясининг Ўрта Осиёдаги иқтисодий манфаатларига рақиб сифатида кўрар, шу боис уларнинг ўлкага киришига жиддий тўсиқлар қўйиларди.

Шарқ мамлакатларидан келган савдогарларга қўлланилмайдиган бюрократик тўсиқлар америкаликлар учун одатий ҳол эди. Бироқ тақдир тақозоси билан бармоқ билан санарли даражада кам бўлса-да, айрим америкаликлар нафақат Ўзбекистонга кириб келдилар, балки унинг маданияти, спорти ва қишлоқ хўжалиги ривожига ҳисса қўшиб, халқимизнинг бир қисмига айландилар.

Тошкентликлар учун афсонага айланган илк америкалик — Нью-Йоркнинг чекка ҳудудидан чиққан боксчи Сидней Жексон (1886–1966) эди. Кейинчалик у Ўзбекистондаги илк бокс мактабининг асосчиси сифатида тарихга кирди. Унинг Тошкентга келиб қолиши кинофильм сценарийсини эслатади: Англиядаги мусобақалардан сўнг жамоадоши Фрэнк Жил билан Москвага гастролга келган Сидней, Биринчи жаҳон уруши бошланиши сабабли Ғарбга қайта олмай қолади. Ўша вақтда ягона хавфсиз йўл Афғонистон орқали ўтгани боис, улар Тошкентга йўл олишади. Бироқ Тошкент почтасига кутилган маблағ фақат Фрэнк номига келади, Жексоннинг оиласи эса қашшоқ бўлгани учун ёрдам бера олмайди. Шу тариқа, у Тошкентда Яушевларнинг тикувчилик корхонасига ишга кириш баробарида маҳаллий аҳолига бокс сирларини ўргата бошлайди.

Сидней Жексоннинг ҳаётидаги ёрқин саҳифалар собиқ Буюк князь Николай Романов саройида болалар учун спорт тўгараги ташкил этилиши билан боғлиқ. Ўша даврда Москвада ҳам топилмайдиган ҳақиқий бокс рингини Жексон ўз ўқувчилари билан бирга қўлбола усулда – кигиз, ёғоч ва от қилидан ясайди. У нафақат бокс, балки сузиш бўйича ҳам мураббийлик қилади. Унинг қўлида тарбияланган шогирдлар орасида тўрт нафар Қаҳрамон унвони соҳиблари, жумладан, Бухенвальд лагерида немис боксчиларини мағлуб этган Андрей Борзенко каби жасорат эгалари бор эди. Жексон иссиқ иқлим шароитида спортчиларни тайёрлаш методикасини илмий асосда ишлаб чиққан биринчи мутахассис бўлиб, унинг мактаби бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги “бокс державаси” мақомининг илк пойдеворини қўйган эди.

Ўзбекистон тарихидаги яна бир ўзига хос гуруҳ – 1930-йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун таклиф этилган афроамерикалик мутахассислардир. Улар орасида Оливер Жон Голден (1887–1940) ва унинг рафиқаси Берта Голден алоҳида ажралиб турарди. АҚШда ирқий камситишлар ва полиция таъқибидан қочган бу оила учун Ўзбекистон иккинчи Ватанга айланди. Миссисипида туғилган, қуллар авлодидан бўлган Оливер Голден Алабама штатидаги Таскиги институтида эгаллаган билимларини Тошкент яқинидаги селекция станциясида қўллади. Унинг раҳбарлигидаги гуруҳ Ўзбекистонда илк бор ғўза парваришининг янги усулларини жорий этди ва анъанавий Америка паррандалари – курка ҳамда ўрдакчиликни ривожлантиришга ҳисса қўшди. Уларнинг дўсти, америка футболи юлдузи Жорж Тайнс (1908–1982) эса кейинчалик Ўзбекистонда сув паррандалари бўйича кўплаб илмий ишлар қилди ва давлат мукофотларига сазовор бўлди.

Бу инсонларнинг тақдири Ўзбекистоннинг мураккаб тарихий даврлари билан чамбарчас боғланиб кетди. 1937 йилги қатағон даври Голденлар оиласини ҳам четлаб ўтмади. “Халқ душманлари” қидирилаётган бир пайтда, Оливер Голден ўзига хос жасорат кўрсатиб, Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) идорасига боради ва агар уни жосусликда гумон қилишаётган бўлса, ҳибсга олишлари мумкинлигини айтади. У бахтли тасодиф туфайлигина омон қолади, аммо дўстлари Файзулла Хўжаев ва Муҳитдин қори Ёқубовларнинг қамалиши уни руҳан чўктиради. У 1940 йилда вафот этади. Унинг рафиқаси Берта Голден Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзининг бутун жамғармасини – 6 минг доллар малағини танк қурилиши учун ҳайрия қилади ва Тошкент радиосида инглиз тилида эшиттиришлар олиб бориб, халқ дардига шерик бўлади. Уларнинг қизи, бўлажак жамоат арбоби ва олима Лия эса шу заминда туғилиб, вояга етди.

Мавзуни ёритишда қисқа муддатга келиб кетган, аммо ўлка ҳақида қимматли маълумотларни қолдирган бошқа америкаликларни ҳам унутмаслик лозим. Масалан, 1873 йилда Россия империясининг Хива хонлигига босқинида қатнашган америкалик ҳарбий журналист Януарий Алоизий Мак-Гахан ўзбек халқининг урф-одатлари ва мусиқа асбоблари ҳақида ноёб қайдларни ёзиб қолдирган бўлса, ёзувчи-журналист Анна Луиза Стронг ва шоир Лэнгстон Хьюз ўз асарларида ўтган асрнинг 20–30-йилларидаги Ўзбекистон ҳаётини тасвирлаганлар. Уларнинг кузатувлари ўша даврдаги ижтимоий ўзгаришларни холис баҳолаш учун манба бўлиб хизмат қилади. Хусусан, Стронг хонимнинг 1945 йилда нашр этилган китобида ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги матонати алоҳида эътироф этилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Сидней Жексоннинг чарм қўлқопларидан тортиб, Оливер Голденнинг пахта далаларидаги изланишларигача – буларнинг барчаси халқимиз тарихининг бир бўлагидир. Зеро, Америкадан Ўзбекистонга келиб, бу ерни ўзлари учун иккинчи Ватан деб билган бундай инсонлар ўз тақдирини ўзбек халқининг қувончи ва ташвиши билан боғлаган эдилар. 

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА