Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Океан иқтисодиёти истиқболига баҳо берилди
23:50 / 2023-07-22

Океан ривожланаётган мамлакатларга инновацион ва барқарор иқтисодиётни шакллантириш учун кенг имконият очиши мумкин, аммо иқлим ўзгариши, табиат ифлосланиши ва ортиқча балиқ овлаш озиқ-овқати ва даромади океанга боғлиқ уч миллиард одамнинг яшаб қолишига таҳдид солмоқда. Бу ҳақда БМТ Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (ЮНКТАД) томонидан яқинда эълон қилган, 3-6 миллиард долларга баҳоланган глобал океан иқтисодиёти таҳлил қилинган ҳисоботда айтилади.

Ҳужжатда, шунингдек, инсон фаолияти ва глобал инқироз иқтисодиётнинг балиқчилик, денгиз маҳсулоти, сув ва қирғоқ туризми каби тармоқларига қандай таъсир қилгани таҳлил этилган.

Ҳисоботда сайёрадаги барча тирик организмнинг 80 фоизи яшайдиган океандан барқарор фойдаланиш учун глобал яшил иқтисодиёт савдоси ва сармоявий келишувига чақирилади.

“Океан иқтисодиёти кўплаб имкониятларни очиб беради. Биз океандан фойдаланиш ва океан ресурсларини ҳимоя қилиш ўртасида тўғри мувозанатни топишимиз керак”, деди ЮНКТАД Бош котиби ўринбосари Педро Мануэль Морено.

Янги имконият

Ҳисоботда барқарор ривожланиш учун энг истиқболли икки тармоқ – денгиз ўти етиштириш ва елим идиш ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш алоҳида қайд этилган.

Жаҳон денгиз ўтлари бозори йигирма йил ичида уч баробардан кўпроқ, яъни 2000 йилдаги 4,5 миллиард доллардан 2020 йилга келиб, 16,5 миллиард долларгача ўсди.

 
Денгиз ўти ўсиши учун тоза сув ёки ўғит керак эмас, дейди экспертлар. Бундай ўсимликлар ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат, косметика ва биологик ёқилғи учун ҳамда пластмассага муқобил модда сифатида етиштирилиши мумкин.

Ҳар йили океанга 11 миллион тонна елим идиш ташланмоқда

ЮНКТАД ҳисоботига кўра, биз ҳар куни истеъмол қиладиган озиқ-овқат ўрами ва пластик маҳсулот тайёрлаш учун ишлатилиши мумкин бўлган бамбук, Ҳиндистон ёнғоғи пўчоғи, банан, қишлоқ хўжалиги чиқиндиси каби бошқа кўплаб барқарор материаллар ҳам мавжуд.

2020 йил дунё бўйлаб, тахминан, 388 миллиард долларлик пластик ўрнини босувчи маҳсулот сотилган, аммо бу қазиб олинадиган ёнилғидан тайёрланган елим идиш савдосининг атиги учдан бир қисмини ташкил этади.

Ривожланаётган океан саноатига киритилган инвестиция ривожланаётган мамлакатларга океан экспортини диверсификация қилишда ёрдам беради. Денгиз маҳсулоти ва порт ускунаси ҳамда хизматлар, жумладан, денгиз ва қирғоқ туризми каби океан товарлари глобал экспорти қиймати 2020 йил 1,3 триллион долларга баҳоланмоқда.

Ҳукуматлар инқироздан чиқиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатини юмшатиш ва вазиятга мослашиш учун турфа хил ва барқарор океан иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашиши керак, дейилади ҳисоботда.

Биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш

Ҳисоб-китобга кўра, дунё бўйлаб балиқчилик учун давлат субсидияси 35 миллиард долларни ташкил қилади. Дунёдаги балиқ захирасининг 34 фоизи биологик барқарор даражадан паст экан. Шу боис ҳисобот муаллифлари мамлакатларни ўтган йил 17 июнда қабул қилинган Жаҳон савдо ташкилотининг балиқчиликни субсидиялаш тўғрисидаги битимини зудлик билан ратификация қилишга чақирган.

Шартнома ноқонуний ва тартибга солинмаган балиқ ови, ортиқча балиқ овлаш қўллаб-қувватланишини тақиқлайди ва очиқ денгизда балиқ овлаш учун субсидияни тўхтатади. Мазкур ҳужжат ЖСТга аъзо 164 мамлакатнинг учдан икки қисми “розилик ҳужжати”ни депозитга топширгандан сўнг кучга киради.
ЮНКТАД ҳисоботи, шунингдек, ҳукуматларни 2023 йил 4 мартдаги Миллий юрисдикциядан ташқаридаги океан ҳудудида денгиз биохилма-хиллигини муҳофаза қилиш тўғрисидаги битимни қабул қилиш ва ратификация қилишга ҳам чақиради. Ушбу келишув денгиз биологик ресурсларидан келадиган фойдани адолатли, тенг тақсимлаш воситасини яратади ва океанда халқаро муҳофаза қилинадиган ҳудудларни барпо этади.

Тўрт барқарор ечим

“Янги йўлни босиб ўтиш ва барқарор океан иқтисодиётини қуриш учун инвестицияни кўпайтириш вақти келди”, дейишмоқда экспертлар.

Масалан 2,8 триллион долларлик сармоя тўрт барқарор океан ечимига жалб қилинса, 2050 йилга келиб 15,5 триллион доллар соф даромад олса бўлар экан. Бу ечимлар қуйидагилар: ўрмонларни сақлаш ва қайта тиклаш, халқаро юк ташишни декарбонизация қилиш, барқарор океан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш  ва очиқ денгизда шамол энергетикасини ривожлантириш. Иқтисодиётнинг ушбу йўналишлари мамлакатлар учун ҳам, соҳил бўйида истиқомат қилаётган одамлар учун ҳам ва ниҳоят, жаҳон иқтисодиёти учун ҳам улкан истиқбол ваъда қилиши шубҳасиз.

Интернет материаллари асосида

С.Раҳимов тайёрлади.

ЎзА