Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОИВ: беморлар ҳаракати бўйича маълумотлар аниқлиги 100 фоизга етказилади
11:11 / 2024-03-20

Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС)га қарши курашиш тизимида орттирилган иммунитет вируси (ОИВ) инфекциясини юқтирган беморларга қулайликлар яратиш ва уларни одатдаги турмуш тарзига қайтариш мақсадида рақамлаштирилган ва ҳозирда такомиллаштирилган ягона электрон тизим ишга туширилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу тизим орқали бир қатор қулайликлар яратилди. Жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг электрон базаси билан интеграция қилиниб, ҳозирги кунда ОИВ инфекцияси билан яшовчи 18 ёшгача бўлган болаларга нафақа автоматик тарзда белгиланиши ва тўловлар автоматик тарзда амалга ошишига эришилди. Бу орқали уларнинг нафақа олишида юзага келаётган қийинчиликлар, яъни узундан-узун навбатлар, тегишли хизмат кўрсатувчи органларда юзага келадиган сарсонгарчилик ва ортиқча оворагарчиликларга чек қўйилди.

Ушбу хизмат рақамлаштирилиши ҳисобига ҳозирга қадар 161 нафар болага нафақа электрон ахборот тизими орқали автоматик проактив усулда белгиланишига эришилди.

– Бундан ташқари, ушбу такомиллаштирилган ахборот тизими ишга тушиши натижасида, Республика ОИТСга қарши курашиш маркази фаолиятининг рақамлаштириш кўрсаткичи 50 фоиздан 90 фоизга етди, – дейди, марказ шифокори Шоакбар Анваров. Ушбу рақамлаштирилган тизим беморларни рўйхатга олишдан тортиб, уларнинг диспансер ҳисобига киритилиши, лаборатор ташҳисоти ҳамда қабул қилаётган дори-препаратлари, уларнинг омбордаги айланмаси ва реал вақт режимидаги қолдиғи, узлуксиз таъминоти каби барча жараёнлар тўлиқ электрон тизим орқали бошқарилади ва кузатиб борилади.  

Электрон рақамлаштириш тизими ишга туширилгунга қадар ушбу ҳисоботлар қоғозда амалга оширилган бўлиб, дори-воситаларининг реал вақт режимида айланмаси ва қолдиғини билишнинг имкони мавжуд эмаслиги натижасида беморларнинг дори воситалари таъминотида узилишлар кузатиларди.  

Тизимда барча беморларнинг маълумотлари махфий сақланишига катта эътибор қаратилади. Марказга келган беморга QR-код ва электрон махсус код берилиши бемордан ортиқча ҳужжат талаб этмайди ва тўғридан тўғри хизмат кўрсатиш режимига ўтилади. Яъни фуқародан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар сўраб ортиқча вақт йўқотилиши ва оворагарчиликларга чек қўйилади.  

Келгусида ушбу ахборот тизимини тегишли ахборот тизимлар билан интеграция қилиш ҳисобига ОИВ беморлар ҳаракати бўйича маълумотлар аниқлиги 100 фоизга етказилади. Яъни бемор қаерда бўлмасин доимо назоратда бўлиши таъминланади. Бундан ташқари туғруққа мурожаат қилаётган ҳар бир аёл, чет давлатга чиқиб кетаётган, чет давлатдан кириб келаётган меҳнат мигрантларининг ҳамда донорликда иштирок этаётган ҳар бир фуқаронинг ОИВга тиббий текширув натижаси тўғрисида маълумот олиш имкони яратилади. Бундан ташқари беморлар учун мобил илова ишлаб чиқалади, – дейди Шоакбар Анваров.

М.Қосимова, ЎзА