French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОИТСга қарши курашда жамоатчилик ҳамкорлиги муҳим
14:33 / 2022-12-02

Андижон шаҳридаги вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабида Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан “Тенглашиш вақти” шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ОИТСга қарши кураш маркази ташаббуси билан ўтказилган тарғибот тадбирида кенг жамоатчилик вакиллари, шифокорлар, умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.  

Дастлаб тадбир иштирокчилари вилоят “Баркамол авлод” мактаби фойесида ОИТСга қарши кураш маркази томонидан ташкил этилган “ОИТСнинг олдини олиш барчанинг иши!” мавзусидаги тарғибот, шунингдек, умумтаълим мактаби ўқувчиларининг “Биз – ОИТСга қаршимиз!” мавзусидаги расмлар кўргазмалари билан танишди.  

[gallery-9814]

Тадбир очилишида Андижон вилояти ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори Баҳромжон Қораев сўз олиб, вилоятда ОИТС касаллигига қарши курашиш, хасталикнинг келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, вилоятдаги эпидемиологик ҳолат, олиб борилаётган тарғибот ишлари хусусида маълумот берди.  

– Дунёда ОИТС хасталиги қайд этилмаган бирор бир мамлакат йўқ, – дейди Баҳромжон Қораев. – Ушбу хасталик юқмаслигидан ҳеч бир киши кафолатланмаган. Шу боис, инсоннинг ўзига, бутун жамиятга хавф соладиган ушбу хасталикка қарши курашишда нафақат мутахассислар, балки кенг жамоатчилик биргаликда, ҳамкорликда иш олиб бориши муҳимдир. Шундагина саъй-ҳаракатларимиз ўзининг ижобий самарасини беради. Шундан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи, майор Муҳиддин Раҳмонов касаллик тарқатувчи гуруҳлар билан ишлаш, Андижон шаҳридаги “Уйғур” жоме масжиди имоми Абдураҳмон Артиқов муқаддас динимизда зино оғир гуноҳ саналиши, никоҳ, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Шоҳида Юнусова ўқувчи ёшлар ўртасида ОИТС хасталиги, унинг тарқалишига қарши олиб борилаётган тарғибот ишлари хусусида гапирди.  

Тадбир доирасида вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда ОИТСга қарши кураш маркази ҳамкорлигида ўтказилган “ОИТСга қарши курашиш бўйича энг фаол тарғиботчи ўқувчи”, “ОИТСга қарши курашиш бўйича энг илғор таълим муассасаси” кўрик-танловлари ғолиблари тақдирланди. Вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари жамоалари, минглаб ўқувчилар қатнашган “ОИТСга қарши курашиш бўйича энг илғор таълим муассасаси” кўрик-танловида Андижон туманидаги 6- умумтаълим мактаби жамоаси, “ОИТСга қарши курашиш бўйича энг фаол тарғиботчи ўқувчи” танловида эса Хўжаобод туманидаги 9-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулшаной Равшанова биринчи ўринни қўлга киритди.  

Танловларнинг ғолиб ва совриндорларига ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбир давомида ўқувчилар томонидан ОИТС хасталигининг олдини олишга оид саҳна кўринишлари, “Ўзбекконцерт” уюшмаси вилоят бўлими санъаткорлари томонидан бадиий дастур намойиш этилди. Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни муносабати билан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, тиббиёт ва таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида бу каби тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.  

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,  

З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА