1 декабрь – Жаҳон ОИТС га қарши кураш куни
1 декабрь – Жаҳон ОИТСга қарши кураш кунини дунё халқлари алоҳида нишонлайди. Бу санада жаҳон бўйлаб ушбу қўрқинчли касаллик туфайли вафот этган миллионлаб кишилар, улар ортида қолган ғамгусор оилалар ёдга олинади.
ОИТС шундай қотилки, на жинс, на ирқ, на миллат ва на чегара танлайди. Илк бор 1981 йил аниқланган ушбу хасталик мислсиз оқибати билан бутун инсониятни чуқур қайғуга ботирди. ОИТС (орттирилган иммун танқислиги синдроми) – ОИТВ (одам иммун танқислиги вируси) туфайли пайдо бўладиган бу офат инсон иммун тизимини ўзгартиради, инфекцияли ва бошқа касалликларга сезувчанликни оширади. Синдром ривожланиши сезувчанликни янада кучайтиради. Инсоннинг барча тўқималарида учрайдиган ОИТ вируси зарарланган киши танасига ички суюқлик орқали юқиши, сперма, қин ажралмаси, қон ва кўкрак сути орқали тарқалиши аниқланган. ОИТВ – ОИТС ривожланишининг асосий сабабидир. Баъзан вирус юққан одамда ОИТС ривожланмаслиги ҳам мумкин.

Кўп ҳолларда ОИТВни вақтида даволамаслик натижасида юзага келадиган мазкур касаллик, асосан, уч хил усулда – онадан болага, қон ва жинсий алоқа орқали кўчади. Бугунги кунда ҳам кенг тарқалган мазкур хасталикка ҳар йили дунё бўйлаб 1,5 миллиондан ортиқ одам учрайди. Даврнинг глобал муаммоларидан бирига айланган ОИВ инфекцияси эпидемия бошлангандан буён жами 75 миллиондан зиёд одамга юққани аниқланган. Кўриниб турибдики, ОИВ ва ОИТСга қарши бутун дунё ҳамжиҳат курашиши лозим. Инфекция 75 фоиздан кўп ҳолатда 25-49 ёшли кишиларни “танлайди”.
Хасталик профилактикаси ва ушбу касалликка қарши курашиш тадбирларини режалаштириш, бу йўлда зарур чора-тадбирларни амалга оширишда вирус юқиши омилларини аниқлаш жуда муҳим. Мамлакатимизда ОИТСга қарши кураш бўйича кейинги йилларда сезиларли натижага эришилмоқда. 2019-2020 йилларда Республикамизнинг 2 та йирик шаҳри – Тошкент ва Самарқанд ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва аҳоли соғлиғини яхшилаш тўғрисидаги “Париж декларацияси” номли жаҳон ташббусига қўшилди.
ОИВ аниқланган шахсни даволашнинг дунёда тан олинган усули – ретровирусга қарши даволаш юртимиздаги беморларнинг 75 фоиздан ортиғига нисбатан қўлланган. ЖССТнинг “ОИВ аниқланиши билан даволашни бошлаш зарур” деган тавсияси асосида бугунги кунда маажуд меъёрий ҳужжатларга ўзгариш киритилмоқда.
Мамлакатимизда ЖССТ тавсиясига мувофиқ жорий этилган ОИВ инфекцияси онадан болага юқишининг олдини олиш дастурига кўра, ҳар йили ўртача 600 минг ҳомиладор аёлда ОИВ текширилади. Инфекцияли аёлдан туғилган чақалоққа хасталик юқишининг олдини олиш мақсадида ретровирусга қарши дорилар вақтида бериб борилади. Чет давлатда бўлиб, фақат туғиш вақтида Ўзбекистонга келган ёки шифокор тавсиясига амал қилмаган оналарнинг чақалоғи касаллик юқтириб олишини кузатиш мумкин.
Инфекция онадан болага ўтишининг олдини олиш мақсадида ретровирусга қарши жорий этилган профилактика самарадорлиги 95 фоиздан зиёд даражани кўрсатмоқда. ОИВ инфекциясини республикамизда тарқалишининг олдини олиш мақсадида ЮНИСЕФ, ЮНФПА каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. БМТ маълумотига кўра, ОИТСдан ўлим ҳолати энг юқори чўққисига чиққан 2004 йилдан бери, деярли, 70 фоиз камайди. Янги инфекция ўтган аср 80-йилларидан буён энг паст даражани кўрсатмоқда.
Шунга қарамай, ОИТС ҳар дақиқада бировнинг ҳаётига зомин бўляпти. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Жаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан эълон қилган мурожаатида эслатиб ўтди.
– 2030 йилга бориб ОИТСни халқ саломатлигига таҳдид сифатида йўқ қилишимиз мумкин ва шарт, – дейди Антонио Гутерриш. – Айни мақсадга эришиш бу йилги “Маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлайлик” мавзусига алоҳида эътибор қаратишни тақозо қилади.
Маҳаллий ижтимоий кучлар иштирокисиз ОИТСни йўқ қилиш мумкин эмас. Маҳаллий ташаббусни нафақат одамлар учун зарур даво, хизмат ва қўллаб-қувватлаш, балки барча инсонлар ўз соғлиғи ҳуқуқини амалга оширишини таъминлаш учун қуйи даражадаги ҳаракатни кучайтириш шарти ҳам, деб тушуниш лозим.
Бош котиб ўз мурожаатида фаолларни жойларда қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишини осонлаштириш ва молиялаштиришга чақиради. Паст ва ўрта даромадли мамлакатларда ОИТСга қарши курашни тўлиқ молиялаштириш учун ажратиладиган йиллик маблағни 8 миллиард доллардан ошириш зарур, дея таъкидлайди. Қолаверса, ОИВ билан яшайдиган одамларнинг ўзлари бошчилигидаги маҳаллий дастурлар, шунингдек маҳаллий ҳамжамият томонидан амалга оширилаётган профилактика ташаббуслари учун ажратиладиган маблағни кўпайтириш керак.
Гўзал Сатторова, ЎзА