ФОТОРЕПОРТАЖ
Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси ташаббуси билан вилоят ОИТСга қарши кураш марказида пресс-тур ташкил этилди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари ва бошқармаларнинг ахборот хизматлари вакиллари иштирок этди.
Дунё ҳамжамияти томонидан ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) касаллигига чалинишнинг олдини олиш учун аҳолининг бу борадаги тиббий билимини ошириш, касаллик профилактикаси ва уни даволашнинг янги методларини ишлаб чиқиш йўналишида узлуксиз илмий изланишлар олиб бориш, касалликка чалинган беморлар билан тизимли ишлаш борасидаги чора-тадбирларга қарамай, афсуски, мазкур касалликка чалиниш ҳолатлари кузатилмоқда. Касалликнинг минглаб одамлар умрига зомин, оилалар парокандалиги, жамиятда турли низоларни келиб чиқишига сабаб бўлаётгани инсониятнинг энг катта муаммоларидан.
[gallery-13503]
Мамлакатимизда соҳага дахлдор идоралар томонидан ушбу касалликнинг олдини олиш, ундан сақланиш бўйича огоҳликни ошириш масалаларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида бир қатор тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлардан жамоатчиликни хабардор қилиб боришнинг эса ўзига хос ўрни ва ижтимоий аҳамияти катта.
Тадбирда таъкидланганидек, вилоятда жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, ОИВ/ОИТС билан яшаётганлар 3977 нафарни ташкил этади. Касалланиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бироз камайган.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилда тасдиқланган тегишли қарорлари ижроси натижасида 6 та туманлараро ОИВ диагностик лабораториялар вилоят ОИТСга қарши кураш маркази тасарруфига ўтказилиб, зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Бунинг натижасида аҳоли орасида касалликни эрта аниқлаш мақсадида олиб борилаётган текширувлар сони 2017 йилга нисбатан 5 баробарга оширилган.
Бугунги кунгача жами 150 мингга яқин фуқаро ОИВ инфекциясига лаборатория текширувидан ўтказилган бўлса, 2022 йилга нисбатан лаборатор текширувлар 15 мингтага ортган.
ОИТСга қарши кураш марказида ташкил этилган тадбир ҳам айнан бу борада олиб борилаётган ишларга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратишни кўзда тутди.
Тадбирда марказ бош шифокори Эъзозхон Абдумуталова халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда ОИТС касаллиги тарқалишини олдини олиш, ушбу йўналишда аҳоли ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот ишлари, касалликка чалинган беморларни тизимли асосда даволаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди. Журналистларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида иштирокчилар марказ бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА