Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий зўравонликлар жазосиз қолмайди
15:56 / 2023-04-13

Афсуски, сўнгги йилларда аёллар ва болаларнинг турли зўравонлик ва таҳдидларга учрагани ҳақида хабарлар кўпайиб бормоқда. Жабрланувчилар бегона шахслар зуғумидан кўра, оилавий зўравонликдан кўпроқ азият чекмоқда. Бундай аянчли ҳолатлар эса опа-сингилларимиз ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришни тақозо этмоқда.

Бинобарин, 2023 йил 11 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида 11 та кодекс ва қонунга, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.  

Шу ўринда уларнинг айримларига тўхталиб ўтсак. Кодекснинг 115-моддаси «Аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш» дея номланади. Янги қонун билан айни жиноят учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Унга биноан, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш, агар ҳомила сунъий туширилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ваҳоланки, ҳозиргача бундай жиноятни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланар эди.  

Ёки кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган, кўпчилик учун яхши таниш бўлган, оғир ва ўта оғир жиноятлар тоифасига кирувчи «Номусга тегиш» жинояти учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда. Бундан буён номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бундай разил жиноят икки ёки бир неча шахсга нисбатан, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд илгари ушбу Кодекснинг 119-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан, ўлдириш билан қўрқитиб, ногиронлик белгисига эга эканлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Агар номусга тегиш ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан, яқин қариндошга, собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан, жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ва (ёки) унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан, шунингдек, жабрланувчига қараб туриш мажбуриятлари қонун билан зиммасига юклатилган таълим, тарбия, даволаш ёки бошқа муассасанинг ходими томонидан, оммавий тартибсизликлар иштирокчиси томонидан, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган ёки оғир оқибатларга олиб келган бўлса ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Қолаверса, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Бундан ташқари, кодекснинг 121-моддаси «Шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш» дея қайта номланиб, айни жиноятга қўл урган кимса ҳам аввалгига нисбатан оғирроқ жазога тортилиши белгиланди. Яъни хизмат, моддий ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсни жинсий алоқа қилишга ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга мажбур этган айбдорга уч юз соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Ўша ҳаракат оғир оқибатларга олиб келса, шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилади. Агар бундай ҳаракат жинсий алоқада бўлиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Мазкур модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракат ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан, яқин қариндошга, собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан, такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 118, 119, 128 ва 129-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан содир этилган бўлса, ёинки оғир оқибатларга олиб келса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.  

Сўнги йилларда ўз ҳурматини билмаган, рафиқаси ва фарзандларига фақат зуғум ўтказадиган баъзи юртдошларимиз сафи бироз кенгайиб кетди. Оқибатда, ожиза аёл ёки худди шундай аҳволдаги болалар оилавий зўравонликдан жабр кўрмоқда. Ҳатто орамизда ўз жигарбандини аямай дўппослаётган, унга турли жисмлар билан оғир, аянчли тан жароҳати етказаётган хотин-қизлар ҳам йўқ эмас . Ана шу салбий ҳолатнинг – жиноятнинг олдини олиш мақсадида Жиноят кодекси «Оилавий (маиший) зўравонлик» деб номланган 126-1 модда билан тўлдирилди. Энди оилавий зўравонликлар жазосиз қолмайди.  

Янги 126-1 моддага мувофиқ, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек, ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек, башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.  

Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланишига сабаб бўлади. Бу жиноятни соғлиқнинг қисқа муддат, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига сабаб бўлган, соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил ҳамда ўртача оғир шикаст етказганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланган.  

Қолаверса, бундай жиноят икки ва ундан ортиқ шахсга нисбатан, ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан, ўта шафқатсизлик билан, ғаразли ниятларда, диний таассуфлар замирида, бир гуруҳ шахслар томонидан, такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 97, 104, ва 105-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан, ўта хавфли рецидивист томонидан, қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилса ҳам жавобгарлик мавжуд.  

Тилга олинган қонун асосида Жиноят кодекси яна янги моддалар билан тўлдирилиб, унинг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилдики, буларнинг барчаси ҳамюртларимизнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, мамлакатимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устундир.  

Хуршид Қосимов,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар суди раиси