Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий зўравонликка қарши кураш: муаммо ва вазифалар
10:36 / 2025-08-06

Жиззах шаҳрида Олий суд ташаббуси билан “Оилавий (маиший) зўравонлик ҳамда шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ва келгусидаги вазифалар” мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирда судьялар, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари, шунингдек, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими Жиззах вилояти бошқармалари раҳбар ва масъуллари иштирок этишди.

Семинар давомида оилавий зўравонликнинг асосий сабаблари, уни барвақт аниқлаш ҳамда олдини олиш механизмлари атрофлича муҳокама қилинди.  

Жиззах вилояти суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Р. Орзиқулов раислигида ўтказилган тадбирда Олий суд судьяси М. Абабакиров суд амалиётидаги камчиликлар ва тергов жараёнидаги муаммолар ҳақида сўзлаб берди. У суд, прокуратура ва ички ишлар органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Маҳалла даражасида профилактика ишларини самарали ташкил этиш, жиноятларни барвақт аниқлаш ва уларга тезкор чора кўриш ҳамда ижтимоий хизматлар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги тадбирда кўп марта қайд этилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан жорий этилган реабилитация марказлари, вақтинчалик бошпана масканлари ҳамда Call-марказлар орқали жабрланувчиларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш тизими ҳам жиддий аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Шунингдек, жамиятда оилавий зўравонликка нисбатан мутлақо қайтариш муносабатини шакллантириш, жабрланувчиларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларни жамиятга тўлиқ интеграция қилиш учун тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиши кераклиги таъкидланди.

Семинар якунида оилавий-маиший зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликка қарши курашда давлат ва жамият органлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, профилактика чора-тадбирларини кенгайтириш ҳамда жабрланувчиларга кўрсатиладиган ёрдамни янада такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Ҳозирги кунда оилавий зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус фармон ёки қарор мавжуд эмас, аммо ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ижтимоий муассасалар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш йўлида ишлар олиб борилмоқда.

Жиззахда ўтказилган мазкур семинар ушбу муҳим ижтимоий муаммони чуқур таҳлил қилиш ва унинг ечимларига йўналтирилган миллий даражадаги саъй-ҳаракатларга яққол мисол бўла олади.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбири