Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда оилавий зўравонликнинг олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама этилди.
Сенаторлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар иштирок этган тадбирда “БМТ-аёллар” ташкилоти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан ишлаб чиқилаётган “Ўзбекистонда оилавий зўравонликка қарши ҳуқуқий чоралар билан курашиш” қўшма лойиҳаси тақдим этилди.

"БМТ-аёллар" тузилмасининг Марказий Осиёдаги алоқалар бўйича офиси раҳбари Жерен Гувен Гуреш хоним лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва концепцияси билан батафсил таништирди.

Лойиҳа соҳада амалга оширилаётган сўнгги ҳуқуқий ислоҳотлар ва гендер тенглигини таъминлаш ҳамда гендер асосидаги зўравонликни бартараф қилиш бўйича давом этаётган саъй-ҳаракатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга ҳуқуқий ҳимоя чораларини кучайтириш, шунингдек, адлия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида институционал ҳамкорлик ҳамда ҳисобдорликни рағбатлантириш ҳам назарда тутилган.

Семинар давомида таклиф этилаётган лойиҳага умумий ёндашувлар ва ундан кутилаётган натижалар, лойиҳа татбиқ этиладиган ҳудудлар ҳамда ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, мутасадди вазирлик-идоралар вакилларининг фикрлари эшитилди.
Лойиҳани билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш ва янада такомиллаштиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА