Олий суд ташаббуси билан Тошкент шаҳар судида “Оилавий (маиший) зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳамда келгусидаги вазифалар” мавзусида семинар ташкил этилди.
Тошкент шаҳар суди раиси Э. Хўжақулов оилавий (маиший) зўравонлик, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик нормалари ҳақида гапириб, мамлакатимизда ҳар бир оила давлат ҳимоясида эканини таъкидлади.
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари И.Муслимов, Олий суд судьяси Н.Расулов ушбу тоифадаги жиноят ишлари юзасидан суриштирув, тергов органлари ҳамда судьялар томонидан қарор қабул қилишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, уларнинг олдини олиш чоралари ва суд амалиётини бирхиллаштириш масалаларига тўхталиб ўтди.

Семинарда 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида юзага келган ҳуқуқий ўзгаришлар амалиётда қандай татбиқ этилаётгани таҳлил қилинди.
Қонун билан Жиноят кодексига 126-1-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) ҳамда 141-3-модда (шаъни ва қадр-қимматни камситувчи маълумотларни тарқатиш), Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса 59-2-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) ва 41-1-модда (шаҳвоний шилқимлик қилиш) киритилган.
Қонун қабул қилинганига икки йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ҳанузгача суриштирув, тергов органлари ва судлар томонидан бир қатор жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйиб келинаётгани айтиб ўтилди.

Семинарда бу турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, оилада соғлом маънавий муҳитни яратиш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди. Бу жараёнда маҳалла еттилиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлиги ўзининг ижобий натижасини бериши таъкидланди.
Тадбирда қонун ижроси, профилактик ишлар, жабрланганларга кўмак кўрсатиш, жиноят ишларини самарали тергов қилиш ҳамда суд амалиётида бир хил ёндашувларни таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди. Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА