Бугунги кунда Андижон вилоятида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан асраш йўналишида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, жойларда аёллар эркинлигини чеклаш, хусусан, оилавий тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг учраб тураётгани мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ва самарадорлигини янада ошириш, мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган эътиборни кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 майдаги “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида вилоятда хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан асраш, уларга зарур ёрдамлар кўрсатишга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда.
Жумладан, вилоятда ўтган 2025 йилда оилавий тазйиқ ва бошқа сабаблар туфайли қийин аҳволга тушиб қолган 8 минг 389 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди, зарур ёрдамлар кўрсатилди. Ҳимоя ордери берилиши натижасида ажрашиш арафасида турган 3 минг 297 оила яраштирилди, 3 минг 897 та оиладаги низолар бартараф этилди.
Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан оилада ҳамда жамиятда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш йўналишида ҳамкор ташкилотлар билан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ўтган йили 268 та корхона ва ташкилотда, 619 та таълим муассасасида ҳамда 909 та маҳаллада тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилди.
Ушбу жараёнларда маҳаллаларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, ички ишлар органлари профилактика инспекторлари, ижтимоий мослашув маслаҳатхоналари, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, психологлар, имом-хатиблар ва отинойилар фаол иштирок этди.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири