Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий тадбиркорлик ривожланмоқда
11:52 / 2025-08-28

Президентимизнинг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Бухоро вилояти Олот туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мисол учун, “Маҳаллабай” ишлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича жорий йилда 2158 та жисмоний ва юридик шахсларга 40,7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлар ажратилди. Жумладан, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури асосида 56 та субъектларга 6,7 миллиард сўм, “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида 658 та субъектларга 13,8 миллиард сўм, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 1444 та субъектларга 20,2 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. 

Олот туманнинг олис Пичоқчи маҳалласида 592 та хонадонда 2792 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳозирда кўрсатилаётган кўмаклар сабаб маҳалланинг ўсиш нуқтаси том маънода ташаббускорларнинг фаолият самарадорлигида бош омил бўлмоқда.

[gallery-25003]

– Маҳалла аҳолиси деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиб келади, – дейди Олот тумани ҳокимининг “Пичоқчи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёрдамчиси Элёр Жумаев. – Яқиндан бошлаб асаларичилик йўналишини ҳам бошладик. Аҳолимиз маҳаллий бозорга томорқасида етиштирган мева-сабзавотларни, гўшт маҳсулотларини етказиб беради. Хонадонда 50-60 бош наслли қорамоллар парваришланади. Камбағаллик реестрига тушиб қолган оилаларнинг даромадини ошириш мақсадида бошқа оилалар каби уларга ҳам деҳқончилик, чорвачилик сирлари ўргатиляпти. Банд бўлмаган ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш мақсадида маҳалладаги кредит, субсидия, ссуда йўналишда тавсиялар берилмоқда.   

Бугунги кунда Олотда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорда сифатли ва арзон гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида қишлоқ хўжалигини, хусусан, чорвачилик соҳасини ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мазкур ислоҳотлар самараси ўлароқ, Пичоқчи маҳалласида ҳам чорвачиликни модернизация қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳсулдор зотларни оммалаштириш йўлидаги амалий ишлар кўлами ниҳоятда кенг. 

Шуҳрат Тўхтаев хонадонида 50 бош зотдор қора моллар парваришланмоқда. Бу эса нафақат маҳаллий иқтисодиётнинг барқарорлигига, балки озиқ-овқат мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Тадбиркор Ҳакимжон Худоев эса 2025 йилнинг май ойида Қозоғистон Республикасидан 50 бош Симентал ва Қозоғистон оқ бош зотларига мансуб бузоқлар олиб келди. Ўртача ҳисобда ҳар бир бузоқ 10-12 миллион сўм атрофида харид қилиниб, уларга замонавий парвариш шароитлари яратилди. Ҳозирда улар ўртача 450-500 кг оғирликда бўлиб, 1 йил давомида парваришлаш режалаштирилган. 

– Чорвачилик бугунги кунда энг долзарб соҳалардан бири бўлиб қолмоқда, – дейди Ҳакимжон Худоев. – Давлат раҳбарининг мана шу соҳани ривожлантириш бўйича чиқараётган фармон ва қарорлари натижасида жуда катта имтиёзлар берилмоқда. Мана яқинда олиб келинган зотдор моллар натижасида кўплаб имтиёзларга эга бўлдим. Авваллари бундай имтиёзлар йўқ эди. 

Азалдан маҳаллий хонадонларнинг файзи томорқадан унумли фойдаланиш, боғдорчилик ва асаларичилик билан шуғулланиш орқали оилавий даромадни ошириш билан белгиланади. Пичоқчи маҳалласидаги Йўлдош Холлиев оиласи ҳам айнан мана шундай намунали оилалардан бири. Оила 40 йилдан бери асаларичилик билан шуғулланиб келади. Ҳозирда 78 дона асалари уялари мавжуд бўлиб, жорий мавсумда 1 тоннадан ортиқ асал маҳсулоти олинди. Оиланинг асаларичиликдаги ўртача йиллик ҳосилдорлиги 2 тоннадан ортиқ бўлиб, бу фаолиятдан йилига 200 миллион сўмга яқин даромад олинмоқда. Хонадон эгалари боғдорчилик ва узумчиликда ҳам катта тажрибага эга. 

– Асаларичиликка қизиқиб, мол сақлаб даромадимизни кўпайтириб боряпмиз, – дейди Йўлдош Холлиев. – Томорқада етиштирган маҳсулотимиз дастурхонимизда тортиқ қилиняпти. Меҳнатимиз ортидан тўйлар қиляпмиз. 77 ёшда бўлсам ҳам бекор ўтира олмайман. Ҳаракат қилсангиз, албатта, барака бўлади. Маҳалладошларимни деҳқончиликка, чорвачиликка, асаларичиликка ўргатдим. 

Бугунги кунда юртимизда айнан ерга меҳр бериб, ўзининг томорқасида меҳнат қилаётган оилалар кўп. Улар учун томорқа нафақат рўзғор, балки барака, мустаҳкам турмуш ва эртанги куннинг кафолатидир. 

Пичоқчи маҳалласида истиқомат қилаётган Жўраевлар хонадони ҳозирда умумий 45 сотих ер майдонидан фойдаланмоқда. Шундан 30 сотих  ёшларга ажратилган деҳқончилик ерлари ҳисобланади. Йил давомида бу майдонларда бир нечта экинлар алмашлаб экилади, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланилади. Хусусан 6 сотих ерда помидор етиштирилиб, 10 миллион сўмга яқин даромад олинган бўлса, лотга ажратилган 30 сотих ерда эса тарвуз экилиб, бундан ҳам фойда кўзланмоқда.

Пичоқчи маҳалласида имтиёзли кредитлар ҳисобидан қуриб берилган иссиқхоналар йилнинг 12 ойида деҳқончиликдан узлуксиз даромад олишни таъминламоқда. Давлат томонидан ажратилаётган ер майдонлари, имтиёзли кредитлар имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳар бир оила учун барака, бойлик ва мустаҳкам турмуш асоси бўлиб хизмат қилмоғи лозим.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.