Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий тадбиркорлик ривожланмоқда
15:28 / 2014-11-12

Вилоятда хусусий тадбиркорлик, айниқса, маҳаллаларни оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида аҳолини иш билан таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик, хусусан, оилавий бизнесни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, қулай тадбиркорлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган оилалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда. Фарғона вилоятида ҳам тадбиркорликнинг бу йўналишида катта ютуқларга эришаётган оилалар кўп.

Вилоятда хусусий тадбиркорлик, айниқса, маҳаллаларни оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган маслаҳат маркази томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатилаётир.

– Президентимиз раҳнамолигида кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида маҳалла институтини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва ваколатини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси Акромжон Йўлбарсов. – Хусусан, маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш оилавий бюджетни мустаҳкамлаш ва фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда беш юздан зиёд оилавий тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Бешариқ тумани “Қиясартол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳаммаджон Холматов бу йўналишда муваффақиятли фаолият юритиб келаётган тадбиркорлардан. Маҳаллада биринчилардан бўлиб оилавий корхона ташкил этган тадбиркорнинг ишлаб чиқараётган мўйнали бош кийимлари сифати, қулайлиги, энг муҳими, ҳамёнбоплиги билан харидоргир. Оилавий корхона усталари томонидан катталар, аёллар ва болалар учун қишки бош кийимлари тайёрланмоқда.

Муҳаммаджон ака ҳам, турмуш ўртоғи ҳам асли ўқитувчи. Нафақага чиққач, уйда бекор ўтиришни ўзларига эп кўрмади, оилавий корхона ташкил этиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги “Маслаҳат маркази”га мурожаат қилди. Фаоллар уларга тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ тегишли ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашди.

Банкдан олинган 4 миллион сўмлик кредит ҳисобига келтирилган замонавий тикув машиналари ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш имконини берди. Қўшимча 6 янги иш ўрни яратилди.

– Айни пайтда оилавий корхонамиз фаолиятини кенгайтириб, тикувчилик ва боғдорчилик тармоқларини ҳам ташкил этиш устида иш олиб бормоқдамиз, – дейди М.Холматов. – Бизнинг муваффақиятимизда маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги “Маслаҳат маркази”нинг амалий ёрдами катта бўлаётир. Марказ ходимлари фаолиятимизга оид иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби, тадбиркорлик ҳамда солиқ қонунчилиги асосларини ўрганиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари, учрашувлар ташкил этиб, имтиёзлар ҳақида зарурий маслаҳатлар бермоқда.

Марказ кўмагида иш бошлаётган оилавий тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб бораётир. Гулчиликни йўлга қўйган Муқаддас Давронова ана шулардан бири. Фаоллар ёрдами билан 2 миллион сўм банк кредитини олган Эргашой Холматова ҳам 2 минг бош парранда парваришлаб, маҳалла аҳлига тухум ва парҳез гўшт етказиб бермоқда.

Мухтасар айтганда, маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.