Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий тадбиркорлик: маҳаллий ва хорижий тажриба
20:00 / 2020-01-27

Айниқса, унинг оилавий шакли ҳам муҳим йўналиш бўлиб қолмай, балки қадим-қадимдан ота-боболаримиздан мерос анъаналарнинг давоми ҳамдир.


Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳаракатлантирувчи кучига айланган тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, ишбилармонликнинг қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.

Айниқса, унинг оилавий шакли ҳам муҳим йўналиш бўлиб қолмай, балки қадим-қадимдан ота-боболаримиздан мерос анъаналарнинг давоми ҳамдир. Зеро, аждодларимиз асрлар давомида оилавий тадбиркорликнинг сир-асрорларини авлоддан-авлодга ўргатиб келишгани тарихдан маълум.

Мустақиллик йилларида, хусусан, кейинги даврда тадбиркорлик, жумладан унинг оилавий шакли миллий иқтисодиётнинг ажралмас бўғини мақомини олди ва унинг ҳуқуқий асослари яратилди. Шу жиҳатдан, Президентимиз томонидан 2018 йилнинг 7 мартида қабул қилинган “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди.

Мазкур ҳужжатда аҳолининг даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланишига, оилавий тадбиркорлик ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш ва ушбу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш борасидаги долзарб вазифалар илгари сурилди. Унда “Ҳар бир – оила тадбиркор” дастури доирасидаги лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда халқаро молия институтлари кредит линиялари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида Бухоро вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатида воҳада 1916 та оилавий корхона фаолият кўрсатмоқда.

Таъкидлаш керак, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳар бир маҳалла аниқ бир йўналишга ихтисослаштирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, шак-шубҳасиз, талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқарилишида муҳим омил бўлаётир. Умуман, тадбиркорликнинг бу шакли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, оила фаровонлигини оширишда кенг имкониятларга эга. Ўтган йили мазкур соҳада юзлаб киши иш билан таъминланди.

Оилавий тадбиркорликнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шуки, унда тўпланган тажриба босқичма-босқич ишбилармонлик доирасини кенгайтириш, шу асосда рақобатбардош ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда хорижий тажрибага мурожаат қилиш мумкин. Масалан, Россияда иқтисодиётнинг айрим соҳаларида (масалан, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик саноати, IT технологиялари ва савдо) барча кичик ва ўрта корхоналари улушида оилавий компаниялар салмоғи 80 фоизни ташкил этади. Германияда бизнеснинг 90 фоизидан ортиғини шундай компаниялар бошқаради.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида тадбиркорликнинг мазкур шакли бизнеснинг устун шакли ҳисобланади. Бундай корхоналар одатий компанияларга қараганда, жуда самарали ишлайди.

Бугунги кунда глобал оилавий бизнес икки хусусияти билан тавсифланади. Биринчидан, оилага тегишли, оила аъзолари томонидан яратиладиган жуда катта миқдордаги кичик ва ўрта корхоналарнинг сақлаб қолиниш даражаси юқори. Масалан, АҚШда 15 миллионга яқин кичик оилавий фирмалар мавжуд.

Иккинчидан, глобал оилавий бизнес асосида ташкил этилган оилавий корпорациялар ҳамда холдинглар катта обрў ҳамда кўп асрлик тарихга эга, бўлиб, авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтган. Бу айниқса, Англияга хос. Мазкур мамлакатда оилага тегишли фирмаларнинг 16 фоизи тўрт авлод тасарруфида бўлган. Швеция оилавий бизнесида ишлаётганлар мамлакатда банд аҳолининг 60 фоизидан ортиғини ташкил этади.

Оилавий ишлаб чиқариш компанияларидан бири Peugeot оиласига тегишли бўлган Франция Peugeot корпорацияси ҳам ўзига хос. У Европада бир хил маркадаги автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича барқарор равишда 2-3-ўринларни эгаллаб келмоқда. Корпорацияда 200 мингга яқин ходим ишлаяпти. Корхонанинг йилига фойдаси 46 миллиард АҚШ долларга етмоқда.

Шу билан бирга, оилавий бизнес оддий акциядорлик жамиятларига қараганда дивидендлар ва даромадларнинг кўпайиши билан ажралиб туради. Оила корпорациялари катта иқтисодий фойда кўришидан ташқари, уларда шубҳасиз, жамиятдаги мавқе, обрў ва оилавий анъаналарга тегишли бўлиш ҳисси ҳам юқори.

Биз бу ҳақда алоҳида тўхталишимиз бежиз эмас. Хориж тажрибаси биз учун ҳавас эмас, балки реал воқеликка ҳам айланиши мумкин. Давлатимиз тадбиркорликни, жумладан, унинг оилавий шаклини ривожлантиришга катта эътибор қаратаётганлиги шундай дейишга асос бўлади.

Олим ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девони Бухоро вилоятида фаолият кўрсатувчи ходими