Оилавий шифокорлик пункти очилди
Бухоро вилояти Олот туманида Жайхунобод, Оқолтин, Солоқоровул маҳаллаларида яшовчи қарийб 6 минг нафар аҳолининг саломатлигини тиклаш ва профилактика ишларини яхшилаш мақсадида “Додхо” оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди.
Тадбирда туман ҳокими Наргиза Неъматова ва тиббиёт бирлашмаси масъуллари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар барчани замонавий шарт-шароит ва қулайликларга эга бинонинг очилиши муносабати билан табриклади.




Туман марказидан чамаси 6 км узоқликдаги ушбу тиббиёт муассасаси Инвестиция дастури доирасида замонавий тарзда бунёд этилди. “Maks Elit Stroy Invest” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ишларига 1,275 миллиард сўм маблағ сарфланди. Муассасада 3 нафар умумий амалиёт шифокори, 19 нафар тиббиёт ҳамшираси фаолият олиб боради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири