Жойларда, ташкилот ва муассасаларда янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Уларда янгиланган Конституциямизда акс этган янги нормаларнинг аҳамияти кенг тушунтирилмоқда.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши «Аёллар қаноти» томонидан ўтказилган очиқ мулоқот ҳам айни мақсадга қаратилди. «Ўзбекистонда хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқлари — давлат ҳимоясида» мавзусида бўлиб ўтган мулоқотда оилавий ажримлар ва унинг сабаблари, ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги бурч ва масъулияти, вояга етмаганларнинг назоратсизлиги оқибатида улар орасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, майда безорилик ҳолатлари учраётгани каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

— Партиямиз томонидан 2017 йилдан буён республика ўғил болалар ва қиз болалар ўқув тарбия муассасаларида назорат-таҳлил тарзида ўрганишлар олиб борилади, — деди партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Мазкур муассасалар раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан у ердаги бир катор муаммолар ўз ечимини топди. Лекин айрим муаммолар ҳамон ўз ечимини кутмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, янги Конституциямизнинг «Оила, болалар ва ёшлар» бобида бир қатор муҳим масалалар ўз ифодасини топган. Жумладан, эндиликда нафақат она ва бола, балки оталарнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳам давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб қўйилди. Бу каби нормалар мазмунини аҳоли ўртасида кенг тушунтиришимиз лозим.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг «ёшариб» бораётганига аксарият ҳолларда оиладаги носоғлом муҳит, ота-оналар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, оилада отанинг ўрни пасайиб бораётгани, уларнинг фарзандлари олдидаги бурч ва масъулиятини унутиб қўяётганликлари сабаб бўлаётганини таъкидладилар. Республикамизда фаолият юритаётган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ва республика болалар ижтимоий мослашув маркази раҳбарлари томонидан болалар жиноятчилигининг олдини олиш, нотўғри йўлга кириб қолган болаларни қайта тарбиялаш, уларни жамиятга мослаштиришга оид аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқотда билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалардан сўнг ёш авлод тарбиясида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, вояга етмаганлар жиноятчилигига қарши биргаликда курашишга келишиб олинди.
М.Комилова,
ЎзА