Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий поликлиниканинг филиали қайта очилди
19:14 / 2022-10-24

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 67–сонли Оилавий поликлиниканинг “Саидкент” филиали фойдаланишга топширилди.

Туман ҳокими Шерзод Ашуров, жамоатчилик вакиллари, тиббиёт ходимлари иштирок этган очилиш маросимида мазкур муассаса тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, аҳоли ўртасида турли касалликларга қарши бирламчи даволаш ишларини самарали амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

– Муассаса биноси қарийб 20 йил муқаддам Саидкент маҳалласи аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида “Саломатлик –1” дастурига мувофиқ бунёд қилинган ва жиҳозланган, – дейди туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори вазифасини бажарувчи Марат Рўзиев. – Аммо бир муддат фаолиятидан сўнг 2016–2017 йилларда тизимда амалга оширилган оптималлаштириш, яъни мақбуллаштириш жараёнида тумандаги қишлоқ врачлик пунктлари сони 55 тадан 45 тага қисқартирилди. Аҳоли эса ўз дарду ташвишига даво излаб 67-сонли оилавий поликлиникага ёки туман марказига боришга мажбур эди. Бугунга келиб маҳалла аҳолиси 4 минг 200 нафардан ошган. Бу эса ҳудудда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашни тақозо этди. Натижада тумандаги 16 та оилавий шифокорлик пункти қаторида “Саидкент” филиали ҳам қайта тикланди. Айни пайтда туманда 11 та оилавий поликлиника ҳамда 10 та оилавий шифокорлик пункти фаолияти янгидан ташкил этилган.

Саидкент маҳалласи жорий йилда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Ҳудуд муҳандислик коммуникация тармоқлари ва ижтимоий иншоотлар қаторида эски ҚВП биноси ҳам мукаммал таъмирдан чиқарилди. Талаб даражасида фаолият юритиши мақсадида маҳаллий бюджетдан 1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Замонавий кўринишда қад ростлаган тиббиёт филиалида рўйхатхона, дорихона, эмлаш ва муолажа хоналари, шифокорлар ва патронажлар хоналари, ультратовушли текшириш ва электрокардиограмма ускуналари, лаборатория хоналари шай қилинган. Ижтимоий дорихона эса беморларга бепул бериладиган 120 турдаги дори дармон билан таъминланган.

Зариф Комилов, ЎзА