Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий поликлиникага айлантирилди
15:58 / 2026-01-26

Гулистон туманининг Тажрибакор маҳалласида истиқомат қилаётган аҳолига бирламчи тиббий санитария ёрдами хизматини янада яқинлаштириш ва тиббий хизмат сифатини юқори босқичга кўтариш мақсадида эски, бугунги кун талабига жавоб бермайдиган шифокорлик пункти тўлиқ реконструкция қилинди ва замонавий оилавий поликлиникага айлантирилди.

Очилиш маросимида Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев, соҳа ходимлари ва маҳалла нуронийлари иштирок этишди. Таъкидланишича, шифокорлик пунктнинг тўлиқ реконструкция қилиниши, уни оилавий поликлиника мақомида фаолият юритиши ва аҳолига қулай тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий бюджетдан қарийб 1 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Қурилиш ва реконструкция ишларини вилоятдаги “Абдумалик Файз Қурилиш” МЧЖ мутахассислари амалга оширди.

– Янги тиббиёт даргоҳи олдингидан фарқли бўлиб, беморларга кенг, ёруғ ва қулай шароитларда хизмат кўрсатиш имконини беради, – дейди поликлиника мудири Хонимқул Тоғаев. — Қабул хоналари, болалар кўрик бўлими, лаборатория ва эмлаш хоналари тўлиқ жиҳозланган ва амалиётга тайёр. Хизматлар тезкор, самарали ва инсон саломатлигини устувор қўйган ҳолда кўрсатилади.

Эски бинода бир неча йил давомида кузатилган иситиш тизими муаммоси, жиҳозларнинг етишмаслиги ва бошқа техник қийинчиликлар эндиликда тарихга айланди. Янги поликлиника нафақат замонавий хизматни тақдим этади, балки тиббий ташхис ва профилактикада замонавий технологиялардан фойдаланиш имконини ҳам беради.

– Бу бизнинг кўп йиллик орзумиз эди. Эски шарт-шароит турли ноқулайликларга сабаб бўларди, – дейди маҳалла меҳнат фахрийси Йўлдош Абдураҳмонов. – Юртбошимиз эътибори туфайли шаҳардаги каби  сўнгги вақтларда қишлоқ инфратузилмаси ҳам  йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Бу нафақат мен, балки бутун аҳоли учун катта хурсандчилик.

Янги оилавий поликлиника очилиши натижасида тиббий хизмат кўлами сезиларли даражада кенгайди. Энди аҳоли беморларни қабул қилиш, кундузги тиббий муолажалар ва профилактик текширувлар учун бошқа муассасаларга бормасдан , барча хизматлардан ушбу масканда фойдаланиши мумкин.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири