Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий поликлиника янги бинода иш бошлади
11:15 / 2022-03-22

Андижон вилояти Балиқчи тумани Халфа маҳалласида туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 13-оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси, поликлиника жамоаси, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги самарасида тиббий хизмат сифати юксалиб бораётганлиги таъкидланди.

– 1964 йилда қурилган қишлоқ врачлик пункти биноси ўрнида  янгитдан барпо этилган поликлиникамиз замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, – дейди шифокор Қобилжон Мўминов. – Эндиликда туманнинг тўртта – Халфа, Насринобод, Маллачек, Навҳинол маҳаллаларида яшовчи 10 минг нафардан зиёд аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати янада ортади. Турли хасталикларни эрта аниқлаш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш баробарида катта қулайлик яратилди.

Айни кунда 8 нафар шифокор, 30 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритаётган мазкур оилавий поликлиника 150 қатновга мўлжалланган. Бундан ташқари, 10 нафар беморнинг ётиб даволаниши учун зарур шароитлар яратилган. Поликлиникада  акушер-гинеколог, терапевт, хирург, стоматолог, УЗИ ва бошқа йўналишлар бўйича шифокорлар  хизмат кўрсатади.

Кўркам, замонавий қиёфа касб этган поликлиникада замонавий ЭКГ, УЗИ, лаборатория хоналари ташкил этилган бўлиб, бу хасталикларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш имконини беради. Шунингдек, оилавий поликлиникада тез тибиий ёрдам – 103 хизмати ҳам йўлга қўйилди. Эндиликда шифокорлар чақирувлар бўйича хонадонларга бориб ҳам хизмат кўрсатади. 


 

 
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА