French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий поликлиника янги бинода иш бошлади
17:00 / 2020-11-13

Андижон вилояти Булоқбоши тумани Қашқар маҳалласида туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 22- қишлоқ оилавий поликлиникасининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Мазкур тиббиёт муассасаси очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда кейинги йилларида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги туфайли тиббий хизмат сифати юксалиб бораётганлиги таъкидланди.

- Поликлиниканинг қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун қарийб 1 миллиард 650 миллион сўм бюджет маблағи сарфланди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Бахтиёржон Комилов. – Эндиликда туманнинг тўртта – Қашқар, Нурзамин, Соҳибкор ва Сарвонтепа маҳаллаларида яшовчи 17,5 минг нафардан зиёд аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати янада ортади. Турли хасталикларини эрта аниқлаш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш баробарида катта қулайлик яратилди.

Кўркам, замонавий қиёфага эга мазкур поликлиникани таъмирлаш-қурилиш ишлари “Андижон мустақил қурилиш имкон” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бажарилди. Бу ерда шифокорлар ва ташриф буюрувчилар учун зарур барча шароитлар яратилган. Шунингдек қишлоқ оилавий поликлиникасида 20 ўринли кундузги шифохона ҳам ташкил этилди.

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА