Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида қандай тиббий хизматлардан фойдаланиш мумкин?
12:09 / 2025-08-16

Соғлиқ — инсон ҳаётидаги энг қимматли бойлик. Уни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш учун сифатли, қулай ва ишончли тиббий хизмат зарур. Бу йўналишда оилавий поликлиникалар алоҳида ўрин тутади. Улар нафақат беморликда даволаш, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олишда ҳам муҳим вазифани бажаради.

Қайд этиш лозимки, ўтган даврларда ҳудудлардаги оилавий поликлиникаларда бир қанча камчиликлар кузатилган. Хусусан, аксарият муассасаларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти, дори-дармон ва тиббий буюмлар таъминоти ҳамда патронаж хизмати ислоҳотга муҳтож бўлган. Бу каби муаммолар узоқ йиллар давомида аҳолининг норозиликларига сабаб бўлиб келган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва тавсиялари билан бугун поликлиникалар фаолияти тубдан яхшиланди. Жойлардаги таъмирталаб муассасалар қайта таъмирдан чиқди, баъзи жойлардаги тиббий хизмат пунктлари янги бинода янгича мезонда иш бошлади.

Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар сабабли, бугунги кунда оилавий поликлиникаларда қулай жойда жойлашув, асосий тиббий хизматлар давлат томонидан қопланиши, тўлиқ қамровга эгалиги, тиббий тарихнинг узлуксиз юритилиши ҳамда  касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва олдини олиш каби афзалликлар яратилди.

Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган 62-сонли оилавий поликлиникада бугун 30 минг нафар фуқаро рўйхатга олинган.  

Поликлиникада болалар ҳамда физиотерапия бўлимлари, кундузги стационар фаолияти йўлга қўйилган. Мутахассислик хоналари ва лабораториялар барча зарур анжомлар билан жиҳозланган. Хориждан энг сўнгги русумдаги физиотерапия ускуналари келтирилган. Бепул тарқатиладиган дорилар ва шифокор қабулидан олдинги кўрик хоналари ташкил этилган.

Эндиликда 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳоли саломатлик профили (овқатланиш характери, тамакига қарамлик, тана вазни индекси, артериал босим, қондаги қанд ва холестерин даражаси ва бошқалар)ни баҳолаши, 40 ёшдан ошган аҳоли оилавий поликлиника ва тиббиёт бригадалари орқали манзилли скрининг текширувларидан ўтиши мумкин.

Хўш, оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида аҳоли қандай тиббий хизматлардан фойдаланиши мумкин?

–Оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида оилавий шифокор хизматлари, ҳамшира хизматлари, поликлиниканинг шифокорлари томонидан беморни кўрикдан ўтказиш ва даволаш, никоҳга киришаётган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, вакцинация, ташхис қўйиш (ЭКГ, УЗИ, рентген, артериал қон босимини ўлчаш, қон ва пешоб таҳлили), кичик жарроҳлик аралашуви, операциядан кейинги терапия, туғишдан аввалги ва кейинги кузатув, патронаж (ҳомиладор аёллар, янги туғилган болалар, кексаларга уйида даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатиш, физиотерапия, оилани режалаштириш, соғлом овқатланиш, спорт билан шуғулланиш, эмизикли болани овқатлантириш, болалар ва кексаларни парвариш қилиш бўйича маслаҳат олиш каби тиббий хизматлардан фойдаланиш мумкин, –дейди 62-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Феруза Мирзаева. – Шунингдек, беморнинг стационарда даволаниши ёки бошқа тиббий муассасага юбориш хусусида ҳам кўрсатмалар берилади. Меҳнатга лаёқатсизлик ҳақида варақа очиш ва соғлиғининг ҳолати тўғрисида маълумотномалар ҳам оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларидан олинади.

Ҳомиладор аёллар, янги туғилган чақалоқлар, кекса одамларга (беморга) хизматлар жойига бориб кўрсатилиши мумкин. Бунинг учун бемор клиникага қўнғироқ қилиши ва сўров қолдириши ёки бошқа йўл билан шифокорни чақириш зарурлиги тўғрисида поликлиникага хабар бериши керак.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш мақсадида тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробарга ошириш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришиш ҳамда тиббиёт муассасаларини рақамлаштиришни 100 фоизга етказиш каби вазифалар белгилаб берилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА