Янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, айниқса, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Шу туфайли оилавий низоларнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка муросасизлик, жабрланганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Профилактика, реабилитация ва тизимли ҳимоя чоралари янги босқичга кўтарилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (OʻzLiDeP) ҳам бу жараёнда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш, жабрланганларга кўмак кўрсатиш ва профилактик тадбирларни кучайтириш йўналишида қатор ташаббуслар ва амалий ишлар билан фаол иштирок этмоқда.
Партиянинг “Фаровон оила” лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган тадбирларда ҳам аҳоли ўртасида очиқ мулоқот, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва муаммоларни ўрганиш бўйича самарали майдон яратилган. Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқот учрашуви ҳам шундай тадбирлардан бири бўлди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси ўринбосари Гулшана Худоёрова, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси бўлим мудири Севара Муслимова, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази Тошкент вилоят бўлими психологи Зийнат Ҳайтқулова, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори Зарина Арифжанова, туман масъуллари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Мазкур очиқ мулоқот – партиянинг зўравонликка қарши курашдаги навбатдаги муҳим амалий қадами бўлиб, унда ушбу йўналишдаги ҳуқуқий асослар, амалий тажриба ва бугунги кун муаммолари атрофлича муҳокама қилинди. Тадбир давомида соҳанинг етук мутахассислари томонидан долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.

Айтиш жоизки, “Биз зўравонликка қаршимиз!” акцияси доирасидаги очиқ мулоқот бу борадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ҳаётий аҳамиятини янада кенг ёритишга қаратилган бўлиб, иштирокчилар хотин-қизларни ва болаларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилишга оид ҳуқуқий асослар, амалий тажриба ва бугунги кундаги илғор механизмлар ҳақида атрофлича маълумотлар олди.
Партия Тошкент вилоят Кенгаши Аёллар муаммоларини ўрганиш ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Диёра Болтаева тадбирнинг аҳамиятини қайд этиб, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка барҳам беришда давлат, жамоатчилик ва фуқароларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, оилалардаги зўравонлик ҳолатларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги қонунчилик меъёрлари ва ҳуқуқий ҳимоя инструментларини атрофлича таҳлил этди. Мулоқот жараёнида аниқ таклифлар, маҳалларда профилактика тадбирларини кучайтириш бўйича фикрлар илгари сурилди.
Муҳими, “Биз зўравонликка қаршимиз!” акцияси доирасида ўтказилган ушбу очиқ мулоқот аёллар ва болалар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни ошириш, давлат органлари ва ижтимоий муассасалар ҳамкорлигини кучайтириш, аҳолининг хабардорлигини янада кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.
А.Мусаев, ЎзА.