Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий меҳмон уйлари қулай ва арзон
10:17 / 2024-02-21

Тошкент вилоятининг ўзига хос сўлим табиати йилнинг тўрт фаслида ҳам кишига хуш кайфият бағишлайди. Сўнгги йилларда ҳудудда туризм хизматлари кўламини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Хусусан, ҳудуд бўйича ўтган қисқа вақт ичида меҳмон уйларини ташкил этишнинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари яратилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш, ушбу соҳада давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида айни пайтда 900 дан зиёд оилавий меҳмон уйлари, 79 та хостел фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йил бошидан буён жойларда оилавий меҳмон уйлари сони 23 тага, хостеллар эса 5 тага кўпайди.  

– Таҳлилларимизга кўра, вилоятга 2023 йилда 8 миллион 63 минг нафардан зиёд сайёҳ, шу жумладан, 463 минг нафардан ортиқ чет элликлар келди, – дейди Тошкент вилояти Туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маъруф Баракаев. – Бу аввалги йилларга нисбатан бир неча баробар кўп. Эътиборлиси, чет эллик сайёҳларнинг оилавий меҳмон уйларига қизиқиши ортган. Бунинг асосий сабаблари мазкур жойларда хизмат кўрсатиш анча арзон. Шу билан бирга, хорижликлар оддий оилалар ҳаёти билан танишиш баробарида миллий урф-одат ва қадриятларимизни ҳам кўради. Жорий йилда ҳам вилоятда туризм тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил охиригача 15 дан ортиқ халқаро ва маҳаллий туризм фестиваллари ўтказилади. Айниқса, Бўстонлиқ туманидаги “Яккатут”, Паркент туманидаги “Кумушкон” қишлоқларига “туризм қишлоғи” мақоми берилади. Бунинг учун жойларда тегишли бошқармалар ва вилоятнинг масъул ташкилот, корхоналаридан таркиб топган ишчи гуруҳи томонидан айнан “Туризм қишлоғи”ни ташкил этиш юзасидан кўплаб ўрганиш ишлари олиб борилган. Маҳаллий аҳоли билан учрашувлар жараёнида кўплаб хонадон эгаларида оилавий меҳмон уйлари фаолиятини йўлга қўйиш истаги борлиги маълум бўлди. Келгусида улар фаолиятини ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари ва қоидалари татбиқ этилади.  

А.Мусаев, ЎзА.