Оилавий корхона тизимга 1,9 миллиард сўмлик зарар келтирди – “Ўзэнергоинспекция”
“Ўзэнергоинспекция”нинг Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Асака туманидаги "Э. Б. Б." оилавий корхонасига қарашли ишлаб чиқариш объектида электр энергиясидан ўзбошимчалик билан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди.
Текширувлар натижасида маълум бўлишича, мазкур корхона тармоққа рухсатсиз уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган.
Дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, ушбу қоидабузарлик 1 миллиард 969 миллион сўмлик зарар келтирган.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда инспекция ахборот хизмати хабар берди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА