Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий келишмовчилик қотилликка сабаб бўлди
16:56 / 2022-12-26

Ижтимоий тармоқларда, “Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида оилавий жанжаллар ва қотилликлар кўпаймоқда” мавзусида хабар тарқалди. Хабарда туманнинг “Файзиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аёл эри томонидан пичоқлаб ўлдирилгани, қотилликка оилавий жанжал сабаб бўлгани айтилган.

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари, капитан Абулқосим Аҳмедов билан боғландик.

– Ҳақиқатан ҳам, жорий йил 19 декабрь куни соат 18.00 лар атрофида 1972 йилда туғилган, Шароф Рашидов тумани “Файзиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Б.И. ва турмуш ўртоғи Н.И. ўртасида оилавий келишмовчилик сабабли жанжал келиб чиққан ва шу жанжал пайтида эр қўлида бўлган ошхона пичоғини турмуш ўртоғининг ўнг елка қисмига санчиб тан жароҳати етказган, – дейди Абулқосим Аҳмедов. – Оқибатда 1975 йилда туғилган Н.И. оғир тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига ётқизилади. Кўрсатилган муолажаларга қарамасдан аёл вафот этган.

Қотилликда гумонланувчи Б.И. процессуал тартибда ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Мазкур ҳолат юзасидан 2022 йилнинг 22 декабрь куни Жиззах вилояти ИИБ, Шароф Рашидов тумани ИИБ, вилоят ва туман прокуратураси, секторлар, туман ҳокимлиги масъул раҳбарлари маҳаллада аҳоли иштирокида жиноят муҳокамасини ўтказди. 

Гумонланувчи Б.И. шу вақтга қадар спиртли ичимлик истеъмол қилувчилар ёки оилавий жанжалкашлар сифатида ИИОнинг профилактик ҳисобида турмаган. Шунингдек, ушбу оила маҳаллада ижобий тавсифланиб, жанжалкаш оилалар рўйхатида ҳам бўлмаган.

Эр-хотин ўртасидаги биргина жанжал қотилликка сабаб бўлдими? Ҳеч қачон “ёмон”, дея тавсифланмаган оила бирданига ёмонга айландими? Энди ушбу саволларга тергов ҳаракатлари ва суд жараёнлари очиқлик киритади.

 

А.Қаюмов, ЎзА