Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2022 йилнинг 1 сенябридан бошлаб оилавий болалар уйлари ташкил этилади.
Оилавий болалар уйлари етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга олишни истаган фуқаролар томонидан юридик шахс мақомисиз тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида ташкил этилади.
Бундай уйлар тарбияланувчилари сони камида 3 нафарни, кўпи билан 5 нафарни ташкил қилиши лозим.
Оилавий болалар уйини ташкил қилган фуқароларнинг ўз фарзандлари ҳамда тарбияланувчиларнинг умумий сони 8 нафардан ошмаслиги керак.
Савол туғилади. Оилавий болалар уйини кимлар очиши мумкин?
Қарорда оилавий болалар уйларини тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатган фуқаролар ташкил қилишига рухсат этилади.
Оилавий болалар уйлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Миллий гвардия ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан амалга оширилади.
Тарбияланувчилар 18 ёшга тўлгунга ёхуд бошқа сабабларга кўра кетгунга қадар мазкур уйларда қолади.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга ҳар ойда давлат бюджетидан 7 ёшгача бўлган тарбияланувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган тарбияланувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида, шунингдек, оилавий болалар уйидаги ҳар бир тарбияланувчини парвариш қилиш учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1 баравари (ногиронлиги бўлган болалар учун 1,5 баравари) миқдорида ҳамда оилавий болалар уйига тарбияга олинган ҳар бир ногиронлиги бўлган болани даволаш-соғломлаштириш учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида маблағ ажратилади.
Маблағлар ҳар ойнинг 5-санасига қадар тутинган ота-она номига очилган банк пластик картасига тўғридан-тўғри ўтказиб берилади.
Тарбияланувчиларга ҳудудда жойлашган давлат спорт мажмуалари, маънавий-маърифий масканлар, тўгараклар, от спорти секциялари, "Ишга марҳамат" мономарказлари ва бошқа ўқув марказларидаги тўгараклар ва курсларга бепул қатнашиш ҳуқуқи берилади. Ўзбекистан Касаба уюшмалари федерацияси томонидан йилига бир маротаба соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиш учун бепул йўлланмалар ажратилади. Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан бир йилда икки маротаба республикамизнинг тарихий шаҳарларига бепул саёҳатлар ҳамда театр томошалари ва концерт дастурлари ташкил этилади. Давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан бир йилда икки маротаба бепул тўлиқ, тиббий текширувдан ўтказилади.
Оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларга берилаётган соғломлаштириш оромгоҳига ва саёҳатга бориш, театр томошалари ва концертларда қатнашишга оид имтиёзлар оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларнинг фарзандларига ҳам татбиқ этилади.
ЎзА