Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий ажримларнинг сабаблари: фарзандсизлик, учинчи шахс аралашуви, моддий қийинчиликлар
15:57 / 2023-12-11

Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотиннинг танлаган қарори уларнинг ўзига ҳам, жамиятга ҳам, оиладаги фарзандининг тақдирига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Аслида оилавий ажримлар масаласи бугун ёки кечанинг муаммоси эмас.

Хўш, оилавий ажримларнинг асосий сабаби нимада?  

—Бу борада доимий таҳлиллар олиб борилади, — дейди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Зарифа Искандарова. — Жорий йил 10 ойи давомида янги расмийлаштирилган никоҳлар сони 202 минг 568 та бўлиб, шундан 211 таси яқин қариндошлар ўртасида қайд этилган. Ўтган ойлар давомида 42 мингга яқин оилавий ажрим қайд этилган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга  ортган. Биласизми, ўрганишлардан хулоса сифатида айтиб ўтиш лозимки, ажримлар асосан 30 ёшгача бўлган эр-хотинлар оиласида содир бўлмоқда.  

Мутахассиснинг сўзларига кўра, никоҳланувчиларнинг аксарияти оила қуришга тайёр эмас. Шу борада мавжуд муаммоларнинг олдини олиш мақсадида барча шаҳар ва туманларда Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолияти такомиллаштирилди. 10 ой давомида  67 минг 237  нафар никоҳланувчи шахслар ушбу марказларда ўқитилди.  

Шунингдек, никоҳдан ажралиш сабаблари ўрганилиб, таҳлил этилганда фарзандсизлик 12,3 фоиз, учинчи шахс аралашуви 15 фоиз, узоқ вақт бир оила бўлиб яшамаганлик 12,2 фоиз, молиявий ва моддий қийинчиликлар 5,9 фоиз, хиёнат 2,7 фоиз, спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар истеъмоли 2,6 фоиз, оммавий ёки хорижий маданиятнинг салбий таъсири 2,1 фоиз, тазйиқ ва зўравонлик 1,5 фоиз ва бошқа сабаблар 26,9 фоизни ташкил этган.  

Оилаларда 1,9 фоиз ҳолатда чет элга чиқиш мақсадида ва 5 фоиз ҳолатда имтиёзли уй олиш мақсадида ҳам ажримлар амалга оширилган.  

Оилавий ажрим кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Республикаси (-59), Самарқанд (-285),  Қашқадарё (-68), Бухоро (-95), Тошкент (-198), Сирдарё вилоятларида (-134) камайган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан энг юқори ўсиш кўрсаткичлари Фарғона вилоятида 10,2 фоизга ёки 456 та (4 901), Андижон вилоятида 14,9 фоизга ёки 612 та  (4 695), Хоразм вилоятида 7,4 фоизга ёки 330 та  (2 030), Тошкент шаҳрида 5,2 фоизга 255 та (5 130) қайд этилган.  

2023 йил давомида 24 минг 193 нафар ажрим ёқасига келиб қолган оиладан 20 минг 265 нафари яраштирилишига эришилган. “Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари” ишлаб чиқилган бўлиб, унда низоли оилаларга индивидуал ёндашиш йўл-йўриқлари белгиланган ва бу дафтарга низоли оилалар киритилиб, тегишлича мутахассислар томонидан якка тартибда иш олиб борилиши йўлга қўйилган.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА