Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган семинар
12:24 / 2023-10-06

Сурхондарё вилояти Денов туманида вилоят ва туман ҳокимликлари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида “Оилавий ажримларнинг олдини олиш ва келиб чиқиш сабабларини аниқлаш” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Бугунги кунда вилоятда мавжуд оилалар сони 653 мингдан зиёд бўлиб, шундан 308 минг 774 нафари 30 ёшгача бўлган ёш оилалардан иборат.

Жорий йилнинг 8 ойида 1960 та ажрим қайд этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг 8 ойига нисбатан афсуски, 108 тага ошган. Ажрим қайд этилган оилалардаги болалар сони 1505 нафарни ташкил этмоқда.

Оилавий ажримларнинг асосий қисми, эр-хотиннинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, фарзандсизлик, учинчи шахс аралашуви, узоқ вақт бирга яшамаганлик, молиявий қийинчиликлар, хиёнат, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмоли сабабли келиб чиққан. Оилавий ажримларга оид низоли оилалардан 509 тасини яраштиришга эришилди. Шунингдек, вилоятда 1378 та ноқонуний никоҳ яъни, шаръий никоҳ асосида яшаётган оилалар мавжуд экани аниқланиб, уларнинг 874 нафари қонуний расмийлаштирилди.

Семинар доирасида иштирокчилар Денов туманидаги “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази” фаолияти билан танишди. 
Марказнинг асосий вазифаси никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлаш мақсадига қаратилган.

[gallery-13884]

Марказда ФҲДЁ органларига никоҳни қайд этиш учун ариза берган ва ўқув машғулотларида қатнашиш учун розилиги олинган 30 ёшдан ошмаган никоҳланувчи шахслар ўқув юкламаси ҳажми 16 соатдан кам бўлмаган дастур асосида бепул ўқитилади. Ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг томонлари ҳам марказларда ихтиёрий ўқиши мумкин. Марказдаги ўқув машғулотлари режаси ҳар ойда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари расмий веб-сайтида эълон қилинади. Ўқув машғулотларида тўлиқ қатнашган тингловчиларга сертификат берилади. 
Семинар давомида соҳа мутахассислари томонидан оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар ҳақида сўз юритилиб, бу борада янгича тизим асосида иш олиб боришга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Амалий семинар якунида 40 йилдан ортиқ биргаликда тинч-тотув ҳаёт кечирган оилалар ҳамда илгари ажрим ёқасида бўлиб, оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан яраштирилиб, бугунги кунда аҳил-иноқ яшаётган оилалар вакилларига эсдалик совғалари топширилди.

ЎзА фотомухбири
Жонибек Қўзимуродов олган суратлар