Оиласидан ажрашган аёл ҳимоясиз бўлиб қолади
Маълумотларга кўра, 2019 йилда Самарқанд вилоятида 36 мингдан ортиқ никоҳ тузилган. Шу билан бирга 3 минг 468 та оилавий ажрим қайд этилган.
Маълумотларга кўра, 2019 йилда Самарқанд вилоятида 36 мингдан ортиқ никоҳ тузилган. Шу билан бирга 3 минг 468 та оилавий ажрим қайд этилган.
Оила ва никоҳ – муқаддас тушунча. Ҳар бир инсон оилада дунёга келади, борлиқни, ҳаёт ва турмушни мана шу даргоҳда ҳис қилади. Оилавий ҳаётга қадам ҳам шу даргоҳдан бошланади. Ота-она бўй етган, камол топган фарзандининг ҳам ўз оиласи бўлишини орзу қилади, уларни уйлантириш, узатиш ташвиши билан яшайди. Бу ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчларидан бири. Улар ана шу “ташвиш”дан халос бўлгандан кейин янги оила муқаддас қўрғонга айланиб кетса-ку яхши. Акси бўлса...
– Бир ўғил, икки қизим бор, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи ота. – Хотиним иккимиз ўқитувчилик қилиб уларни вояга етказдик, ўқитдик, касб-ҳунарли қилдик. Пайти келгач, қизларни узатдик, ўғилни уйлантирдик. Мана энди фарзандлар олдида қарзимиз қолмади, деб эрта қувонган эканмиз. Кичик қизимиз турмуш ўртоғи хорижга ишга кетиб, ўша ерда бошқа аёлга уйланиб олгач, икки нафар фарзанди билан уйимизга қайтиб келишга мажбур бўлди. Ўғлимизни ўзимизнинг маҳалламиздаги оилалардан бирининг қизига уйлантиргандик. Яхши яшаб келишаётганди, қизим уйга қайтиб келгач, турли хил гап-сўзлар билан кунда-кунора жанжал чиқадиган бўлди. Ўзимиз сингари ўқитувчи ўғлимиз хотинининг ёнини олса опаси, опаси тараф бўлса хотини жаҳл қилиб, икки ўт орасида қолди. Ўзимиз ҳам икки ўртада ҳалакмиз, нима қилайлик ўзимизнинг боламиз. Биттасининг оиласи бузилса, барчамизнинг тинчимиз йўқолар экан-да. Шунинг учун ҳокимиятдан қизим учун имтиёзли уй ажратишларини сўраган эдим, навбатда турган бундай аёллар, ёлғиз оналар кўп экан...
Ўтган йил вилоят бўйича юзага келган оилавий ажримлар Самарқанд шаҳрида энг кўп қайд этилган экан – 800 дан ортиқ. Самарқанд шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари З.Раҳмонованинг айтишича, 2019 йилда оилавий ажримлар 2018 йилга нисбатан камайган. Ажрим ёқасидаги 300 га яқин оила маҳалла, давлат ва жамоат ташкилотларининг кўмаги билан яраштирилган.
– Аввалги йилга нисбатан оилавий ажримлар камайган бўлса-да бари бир вилоят миқёсида салбий кўрсаткичларимиз юқори – дейди З.Раҳмонова. – Аслида битта оиланинг пароканда бўлиши ҳам нафақат шу оила аъзолари, балки жамият учун катта йўқотиш, кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар демакдир. Оиласидан ажрашган аёл кўп ҳолларда ҳимоясиз бўлиб қолади, у на ота уйига сиғади, на эри томонидан уй-жой билан таъминланади. Бундай оилада фарзандлар бўлса, муаммо яна бир неча карра кўпаяди. Кейинги йилларда давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиши натижасида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган ва бошқа ижтимоий муаммолар исканжасида қолган аёллар имтиёзли шартларда уй-жой билан таъминланмоқда, ишга жойлаштирилмоқда. Аммо бу саноқли-да. Бир вақтнинг ўзида юзлаб аёлларга бундай имкониятларнинг яратиб беришнинг иложи йўқ. Бизнинг бугунги ҳаракатларимиз муаммонинг оқибатини бартараф этишга қаратилган. Аслида эса, бундай ҳолатга олиб келувчи сабаб ва омилларга қарши курашишимиз керак. Яъни, аввало фарзандларимизни оилага тайёрлашга эътибор қаратишимиз зарур. Тўғри, бу борада тегишли дастурлар, чора-тадбирлар бор ва улар амалга оширилмоқда. Аммо, ёшларни оилага тайёрлаш дегани фақат қизлар билан шуғулланиш керак, дегани эмас. Нега, уйланаётган йигитнинг оилага тайёрлиги, эртага рўзғор ташвишларини елкасига олишга қодир ва йўқлигига эътибор қилмаймиз? Никоҳ шартномаси ҳам ҳали ҳануз янги қурилаётган оилаларимизнинг асосий ҳужжатига айланмаяпти. Эр ва хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйиладиган бу ҳужжатни тузишни ор деб билаётган ёки андиша қилаётганлар жуда кўп. Оқибатда янги тузилган оила бирор бир сабаб билан, кўпинча, арзимас гап-сўзлар билан ажралиб кетса, бундан энг кўп аёл киши жабр кўраяпти.
Яна бир муҳим масала, мен бу ҳақда бир қатор идораларга мурожаат қилганман, оилавий ажримларни судда кўришда адвокатларнинг иштироки ва ажрашиш учун судга мурожаат қилган эр ёки хотин номидан ишончнома асосида бошқа шахсларнинг иштирок этиши билан боғлиқ. Тўғри, бу қонун нуқтаи назаридан тўғри ва бунга эътироз йўқ. Лекин битта оилани асраб қолиш учун бир қатор ташкилотлар, жамоатчилик фаол ҳаракат қилса-ю ажралиш учун мурожаат қилган томоннинг адвокати бир қатор ҳужжатларни, қонунларни асос қилиб, оила қуриш, биргаликда яшаш ёки яшамаслик ҳар бир инсоннинг шахсий ҳуқуқи деб турса, фақат қонунларга таянадиган суднинг хулосаси қандай бўлиши ўзингизга маълум. Шу сабабли оилавий ажримлар билан боғлиқ ишларни судда кўришда адвокатларнинг иштироки масаласида қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилса яхши бўлади. Худди шундай, битта оиланинг ажралиб кетишини бир парча қоғоз, яъни ишончномалар орқали ҳал этиш масаласи ҳам пухта ўйлаб кўрилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Жорий йилда мамлакатимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилиб, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари бирлаштирилди. Оила институтини мустаҳкамлаш, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш вазирлик фаолиятининг асосий устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Шундан келиб чиқиб вазирлик ва унинг қуйи тизимлари, маҳалла фуқаролар йиғинларига кенг ҳуқуқ ва ваколатлар берилди.
– Албатта, давлат органи сифатида бир қатор ваколатларга эга бўлиш баробарида зиммамиздаги мажбуриятларимиз ҳам анча ошди, – дейди Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бош мутахассиси Ф.Шокирова. – Айниқса, маҳаллалардаги аввалги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими ўрнига фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари лавозимининг ташкил этилиши ушбу вазифада ишлайдиган опа-сингилларимиз зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Ахир маҳалладаги тинчлик-хотиржамлик, соғлом маънавий муҳит, аввало оилага боғлиқ. Қачонки соғлом оилаларни қарор топтириб, уларда осойишта турмушни ярата олсак маҳаллаларимиз табиийки, обод ва хавфсиз бўлади. Афсуски, бугун барча маҳаллаларимизда ана шундай муҳит ҳукмрон деб айта олмаймиз. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг дастлабки икки ойида вилоятда 600 дан ортиқ оилавий ажрим юзага келди. Бу ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда бироз кўп.
Оилавий ажримлар Самарқанд шаҳри, Булунғур, Иштихон, Оқдарё, Пахтачи, Самарқанд ва Ургут туманларида ошганлиги кузатилди. Шундан келиб чиқиб, ҳозирда вилоят бўйича амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон бўйича иш олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда оилавий ажримлар юзага келишига қирқдан ортиқ масалалар сабаб бўлаётган экан. Кўпчилик ўйлаганидек, моддий етишмовчилик бунда асосий сабаб эмас, ажримларнинг 10 фоизи шу масала билан боғлиқ холос. Бу ўринда энг катта муаммо эр-хотин, қайнона-келин келишмовчилиги, ёш оилага учинчи шахсларнинг аралашувида.
Демак, мустаҳкам оилаларни қарор топтириш, аввало ёшларни оилага тайёрлаш, никоҳ ва оила муқаддаслигини улар онгига чуқурроқ сингдиришга боғлиқ.