Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ, Рамазон ойини муносиб ўтказиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда эҳтиёжманд қатламларни манзилли ҳимоя қилиш мақсадида Сирдарё вилоятида 19 минг 365 та оилага бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
Белгиланган маблағлар 1 мартга қадар фуқароларнинг ижтимоий ёки банк пластик карталарига ўтказиб берилади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Сирдарё вилоят бошқармаси хабар қилди.

Қарорга кўра, давлат таъминотидаги оилаларга 1 миллион сўм, камбағал оилаларга эса 500 минг сўм миқдорида моддий кўмак берилади. Жумладан, вилоятдаги 6 минг 268 та давлат таъминотидаги оила, 536 нафар ёлғиз кекса, 209 нафар етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга 1 миллион сўмдан ажратилади.

Шунингдек, 11 минг 102 та камбағал оила ҳамда маҳалла “еттилиги” хулосаси асосида шакллантирилган рўйхатга киритилган 1 минг 250 та оилага 500 минг сўмдан моддий ёрдам кўрсатилади. Рўйхатлар аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган бўлиб, жараён очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида, ҳар бир маҳалла кесимида амалга оширилмоқда.

Айни пайтда жойларда ижтимоий ходимлар томонидан эҳтиёжманд оилаларга Рамазон табриклари етказилиб, моддий ёрдам тайинлангани ҳақида хабарномалар тарқатилмоқда. Хусусан, Гулистон шаҳрининг Аҳиллик, Боёвут туманининг Беруний ва Соҳил маҳаллаларида мазкур жараён уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Мутахассислар таъкидлашича, ушбу бир марталик моддий ёрдам нафақат оилаларнинг ижтимоий аҳволини енгиллаштириш, балки уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Айниқса, Рамазон ойида кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва инсонпарварлик муҳитини янада мустаҳкамлайди.

Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи. Ушбу хайрли ташаббуслар давлат томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими изчил такомиллаштирилаётганини, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа эканини яна бир бор яққол намоён этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири