French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилалардаги муаммолар таҳлил қилинди
15:59 / 2025-10-23

Жиззах шаҳрида оила институтини мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш ҳамда ёшлар ўртасида эрта никоҳ ва эрта туғруқ ҳолатларига йўл қўймаслик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбир “Нуроний” жамғармасининг Жиззах вилоят бўлимида вилоят судининг ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Жиззах ҳудудий бошқармаси, вилоят адлия, оила ва хотин-қизлар, ички ишлар, мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг Жиззах вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Йиғилишда жамоатчилик тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари – “Оқила аёллар” ҳаракати, “Бувижонлар мактаби” аъзолари, имом-хатиблар, нуронийлар, отинойилар иштирок этишди.

Мулоқот давомида оилавий муносабатлардаги муаммолар таҳлил қилинди, ажримларнинг олдини олишда тизимлараро ҳамкорликни кучайтириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда ёшлар онгида масъулиятни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Жорий йилнинг январь – сентябрь ойлари давомида Ўзбекистонда судларга 52 мингдан ортиқ оила томонидан ажралиш  бўйича ариза берилган, шундан 27 мингтаси қаноатлантирилган, – дейди Жиззах вилоят суди раиси ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Нодиржон Расулов. – Бу рақамлар оилавий муносабатлардаги муаммоларнинг кўпайганини, шу билан бирга, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги фаоллиги ва судларга бўлган ишончини ҳам кўрсатади. Аммо ажримларнинг кўпайиши, ажрашган оила фарзандларининг тирик етим бўлиб қолиши – ачинарли ҳолатдир. Шу боис, бу муаммоларга барҳам бериш учун барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.

Йиғилиш якунида аниқ вазифалар белгилаб олинди ва ҳар бир ташкилот ҳамда жамоат тузилмасининг ушбу йўналишдаги фаолиятини тизимли ҳамда самарали йўлга қўйишга келишиб олинди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА