English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилаларда “яшил” истеъмол маданияти
17:32 / 2025-05-13

15 май — Халқаро оила куни муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Оилаларда “яшил” истеъмол маданияти ва соғлом турмуш тарзини ривожлантириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия вакиллари, “Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти ходимлари, ўқитувчи ҳамда талабалар иштирок этди.  

Давра суҳбатида Экологик партиянинг мақсад-вазифалари, сайловолди дастурида ўрин олган мақсадлар, уларнинг жойлардаги ижроси тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда “яшил” истеъмол маданияти ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг ўрни” ҳамда “Яшил истеъмол ва инсон онги: одатларни ўзгартириш психологияси” мавзусидаги маърузалар тингланди.  

Таъкидланганидек, бугунги кунда табиий ресурсларни асраб-авайлаш, экологияга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, табиат-борлиқни асраш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Бунинг учун оиладан бошлаб экологик маданиятни юксалтириш, ўсиб келаётган ёш авлод онгида экологияни асраб-авайлаш туйғусини шакллантириш лозим.  

Жорий йилги Давлат дастурида ҳам экологик тамойилларни ўзининг кундалик ҳаётига жорий этишда юқори кўрсаткичларга эришганларга «Экофаол фуқаро» мақомини бериш, оиланинг барча вояга етган аъзолари «Экофаол фуқаро» мақомини олганда, ушбу оилага «яшил оила» мақомини бериш ҳамда уларга ҳар йили очиқ танлов орқали 14 та электромобиль бериш вазифалари ўз аксини топган. Шунингдек, аҳолисининг ярми «яшил оила» мақомини олган маҳаллаларда «Энг тоза маҳалла» ва «Энг яшил маҳалла» танловларини ўтказиш ва ғолиб бўлган маҳаллалар жамғармасига маҳалланинг ички инфратузилмасини янада яхшилаш тадбирларини молиялаштиришга, хусусан, йўлларни таъмирлаш, энерготежамкор ёритиш ускуналарини ўрнатиш, болалар майдончасини қуриш, «яшил боғ» яратиш ва ўриндиқлар ўрнатиш, чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, чиқинди қутилари ва контейнерларини ўрнатишга 500 миллион сўм ажратиш вазифалари белгиланган.  

Давра суҳбатида ёшлар ҳам фаол иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

М.Комилова, ЎзА