Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда томорқалардан самарали фойдаланиш орқали даромад манбаларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бухоро вилояти Шофиркон туманининг “Шароф Рашидов” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган меҳнаткаш ва ташаббускор фуқаролар ҳаёти бунга ёрқин мисол бўла олади.
Хусусан, Янгиқишлоқ қишлоғида яшовчи Гулсанам Раҳматова ўзининг фидокорона меҳнати, изланувчанлиги ва ташаббускорлиги билан маҳалладошлари орасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган. У ҳалол меҳнат орқали барқарор даромад топиш ва оилавий фаровонликка эришиш мумкинлигини амалда исботлаб келмоқда.

Оилага қарашли 25 сотих томорқа майдонида ҳар йили экинлар режа асосида экилиб, парвариши ўз вақтида олиб борилади. Меҳнат самараси эса эътиборга молик. Шунингдек, оила аъзолари чорвачилик ва асаларичилик йўналишида ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда. Хусусан, Калифорния, Янги Зеландия, Оқ гигант ва Кулранг гигант зотларига мансуб 100 дан ортиқ қуён, 7 бош соғин сигир, 150 та асалари оиласи ҳамда 30 та товуқ боқилмоқда. Натижада сут, гўшти ва тухум ва йилига 2 тоннадан ортиқ асал маҳсулотлари олиниб, оиланинг ўз эҳтиёжидан ортгани маҳаллий бозорларга етказиб берилмоқда.

Бундан ташқари, 3 сотих майдонда экилган 25 туп анор дарахтлари парваришланиб, бу хонадон учун яна бир қўшимча даромад манбаи бўлиши кутилмоқда. Меҳнатдан роҳат топиб яшаётган ушбу оила йилига ўртача 150–200 миллион сўм даромад топиб, маблағларни янги режалар ва эзгу мақсадлар йўлида сарфламоқда.

Шунингдек, маҳалланинг Янгиобод қишлоғида истиқомат қилувчи Гулсода Тўраева ҳам намунали тадбиркор аёллардан бири ҳисобланади. 25 йиллик тажрибасига эга бўлган ушбу хонадон бекаси бугунга қадар 100 нафардан ортиқ шогирдларга касб сирларини ўргатган. Фаолиятини кенгайтириш мақсадида кредит маблағлари ҳисобидан 5 дона тикув машинаси харид қилган. У асосан қуроқчилик йўналишида фаолият юритиб, келгусида ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Ҳозирда унинг ойлик соф даромади 10 миллион сўмгача етмоқда.
Мазкур оилаларда йўлга қўйилган тадбиркорлик фаолиятлари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш жараёнида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ижобий баҳоланиб, мазкур хонадонларнинг меҳнати ва ташаббуслари эътироф этилди.
Шубҳасиз, бундай меҳнаткаш ва ташаббускор оилалар жамиятимизда тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда фаровон турмуш тарзини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.