Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган илмий маҳсулотлар тақдимоти
17:08 / 2022-06-14

Фармон ва ижро

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасида Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти томонидан яратилган илмий маҳсулотлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда институт етакчи мутахассислари томонидан «Бахтиёр оила» веб-портали, «Хонадон гигиенасини баҳолаш» дастурий маҳсулоти, «Хотин-қизларни турмушга, оилага, жамиятга тайёрлашнинг амалий-методологик асослари» платформаси, оилаларнинг бахтлилик индикаторлари, Демография миллий портали ҳамда янги нашр этилган услубий қўлланма ва рисолалар тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова  Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони юртимиз оилалари, аёллар учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.

Фармонга кўра, оила институтини мустаҳкамлаш, демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш бўйича илмий-тадқиқотлар олиб бориш, бунга ёшларни жалб қилиш мақсадида «Оила демографияси» илмий-ўқув лабораториясини ташкил этиш ва Демография миллий порталини яратиш вазифаси белгилаб берилган.

Демография миллий порталини яратиш борасида бир неча хорижий мамлакатларнинг етакчи демография тадқиқот, аҳолишунослик институтлари веб порталлари тажрибаси қиёсий таҳлил қилинди. Ўзбекистонда 14 та ҳудуд (вилоят) ва 209 та туманнинг демографик интерактив харитаси яратилди.

Демографик интерактив харитада ҳар бир вилоят ва туманларнинг демографик кўрсаткичлари, тарихи, географияси, аҳоли ва оилалар ҳақида умумий маълумотлар акс этган.

Шунингдек, порталда медиа ресурслар базаси яратилди. Жумладан, 2 та демографик кўрсаткичларга оид мультимедиа ролик, 100 га яқин илмий демографик инфографика яратилди ва жойлаштирилди.

Мамлакатимизда барқарор ўсишни таъминлашда демографик ўзгаришларни тўлақонли баҳолаш, ёш олимларни ушбу соҳага жалб этиш, хорижий ва маҳаллий етук олимлар ўртасида билим ва тажриба алмашиш, ёш демограф олимлар базасини яратиш ҳамда уларда зарурий билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш мақсадида Демография фани бўйича онлайн курслар ташкил қилинмоқда.

Демография миллий порталининг янги дизайни профессионал дастурчилар томонидан яратилди ва такомиллаштириб борилмоқда. 2022 йил ноябрда миллий порталнинг якуний тақдимоти ўтказилади.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги «Хотин-қизларни қўлаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, «Мактаб ёшидаги қизлар билан ишлаш», «Турмушга чиқмаган қизларни турмушга, оилага, жамиятга тайёрлаш», «Турмуш қурган ёш келинларни оилавий ҳаётга тайёрлаш» ва «Оила психологияси» йўналишларида 4 та ўқув курси мазмуни яратилди.

Ўқув курсларининг йўналишлари бўйича зарур манбалар mt.moiti.uz   сайтига жойлаштирилди. Ушбу платформа сайтида фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари кириб ўқишлари учун йўриқнома ишлаб чиқилди.

Бундай маърифий ишланмалар оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда ўзига хос аҳамият касб этади.

Н.УСМОНОВА, ЎзА