Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилалар ижтимоий ҳимояси — доимий эътиборда
19:03 / 2020-10-07

Шу боис юртимизда оилага мунтазам равишда ғамхўрлик қилиш, унга ҳар тарафлама моддий ҳамда маънавий кўмак бериш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ҳамда фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш ташаббусини илгари сурди. Бу бежиз эмас. 

Чунки бугун мамлакатимиз олдида турган энг муҳим вазифа ҳам халқчил, адолатпарвар жамиятни вужудга келтириш, фуқаролар манфаатларини муҳофаза қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали оилалар фаровонлигини кафолатлаш саналади. Бундай жамият пойдеворини эса, энг аввало, бой ва бадавлат, меҳнат қадрини биладиган, маънавий соғлом ҳамда маданий савияси баланд минглаб ва миллионлаб оилалар ташкил этади. Шу боис юртимизда оилага мунтазам равишда ғамхўрлик қилиш, унга ҳар тарафлама моддий ҳамда маънавий кўмак бериш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Аёнки, оилалар фарзандлар сони, уларнинг соғлом, билимли, одобли бўлиб етишишлари учун харажатларни ўз даромадларидан келиб чиққан ҳолда сарф­лайди. Одатда бу харажатларнинг бир қисмини давлат кўтаради. Булар тиббиёт, маориф, спорт, таълим кабилардир. Қолган харажатларни ота-оналарнинг ўзлари амалга оширади. Бозор иқтисодиётига ўтилиши билан бирга, ана шу харажатларда оиланинг ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Демакки, оиладаги фаровонликни таъминлаш учун товар ва хизматлар яратиш, оилавий бизнес, яъни мулк эгаси сифатида индивидуал ишлаб чиқаришни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Оила иқтисодиёти, унинг фаровонлиги оилада меҳнатга лаёқатли аъзолар мавжудлиги, уларнинг тадбиркорлиги, билими, иқтидорига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу меҳнат билан топилган мол-мулк ҳамда тежамкорлик йўли билан йиғилган моддий неъматлардан иборат бўлгани сабабли, ана шу неъматларни яратишда иқтисодий билим муҳим ўрин тутади. Шунинг учун биз нафақат ҳалол, маънан юксак, балки келажакда яхши хўжалик юритувчи инсонни тарбиялашимиз зарур.

Оилалар фаровонлигини таъминлашда бизнес муҳитини шакллантириш муҳим омил саналади. Шу боис мамлакатимизда сўнгги йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки тадбиркорлик орқали оилалардаги муаммолар камаяди, аҳиллик ортади ва ижтимоий ҳимоя таъминланади.

Яна бир муҳим ҳужжат — давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори орқали бизнеснинг ушбу шакли билан шуғулла­наётганларга кўплаб имтиёз ҳамда имкониятлар яратиб берилди. Солиқдан озод этиш бўладими, энергия ресурслари тўловидаги имтиёзларми, маҳсулотни сотишдаги эркинликми, хуллас, ҳамма шароит муҳайё қилинди.

Таъкидлаш жоиз, ҳозирги вақтда ушбу қарорга асосан, мамлакатимизнинг ҳар бир туман ҳамда шаҳарида, аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда ушбу дастур изчил амалга оширилмоқда.

Тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредитлар бериляпти. Хусусан, бунинг учун энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятни ривож­лантириш учун энг кам иш ҳақининг минг бараваригача, тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳалари учун эса энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда кредитлар ажратилаётир. Қарор билан оилавий тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш масаласи ҳам ўз ечимини топди.

Умуман айтганда, ушбу ҳужжат ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун зарур шарт-шароитларни яратмоқда.

Коронавирус пандемияси даврида ҳам аҳоли ҳамда оилалар давлатимизнинг доимий ижтимоий ҳимоясида. Аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳамда бошқа қатор норматив ҳужжатларнинг қабул қилиниши, албатта, фидойи халқимиз ва тадбиркорларимизни оғир ҳамда синовли кунларда саросимага тушиб қолмасдан, карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўз ишларини давом эттиришларига асос бўлаётир. Хусусан, ҳукуматимиз томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича шу йилнинг март — июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга танаффуссиз давом эттирилиши, янгидан ижтимоий нафақа олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сонини қисқартириш, ўн тўрт ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сонини 2020 йил 1 апрелдан ­бошлаб 10 фоизга ошириш белгилаб берилди.

Аҳолининг меҳнат муносабатлари ҳам алоҳида ҳимояга олинган бўлиб, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган, деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) шунингдек, уларнинг ўн тўрт ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланиши, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунинг­дек, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилди. Жисмоний ­шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати жорий йилнинг 15 октябрь кунига қадар узайтирилганлиги фуқароларнинг, оилаларнинг муҳофазаси давлат ҳимоясида эканлигининг яна бир амалий тасдиғидир.

Президентимизнинг шу йил 24 апрель куни карантин даврида аҳоли ­бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берган топшириғи асосида ҳар бир сектор раҳбари томонидан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш дафтари — «темир дафтар» юритилиши йўлга қўйилди. Мазкур рўйхатга киритилган аҳолига доимий равишда зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси оилалар фаровонлигини оширишга ­хизмат қилади.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоиз, ҳозирги вақтда Президентимиз қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» доирасида ҳам муайян ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Бинобарин, ушбу концепцияни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиздаги ҳар бир оиланинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, оилавий муносабатлар мувозанатини таъминлаш, оила фаровонлигини ошириш, мухтасар айтганда, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, давлатимизнинг изчил ва барқарор тараққиётига эришишдир.

Оила жамиятнинг асосий бўғини экан, унинг мустаҳкам бўлиши, фаровонлиги учун кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадга мувофиқ. Зеро, юртимиз ва жамиятимиз равнақи оилалар тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорлигига бевосита боғлиқ.

Шаҳноза ЭРГАШХЎЖАЕВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 
Маркетинг кафедраси мудири,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.