Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилага тайёр бўлмаган қизлар: Ўқиш, рўзғор, бола тарбияси – ҳаммаси чала
17:35 / 2022-10-12

Баъзан аёллар даврасидаги гурунгларни эшитиб лол қоламан: “Фалончининг қизи мактабни тугатмасидан унаштирилибди”, “Фалончи қизига ўқишга киролмасанг, эрга бераман депти, тўғри айтибди, ўқишга киролмаганидан кейин эрга тегади-да”, “Жиянимга мандат чиққан кунининг эртансигаёқ совчилар келишни бошлаган, охири унаштириб қутулдик”...

Хўш, баъзи ота-оналар нима учун қизларини бунчалар эрта турмушга беришга ошиқишяпти? Эрта никоҳ қуришнинг салбий оқибатлари нималарга олиб келишини билишадими?

Ажрим статистикаси

Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 1 июнь ҳолатига ФҲДЁ органлари томонидан республика бўйича 20 минг 798 та ажрим қайд этилган. Адлия вазирлиги хабарига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 4 минг 700 тага кўпайган. Хусусан, судларнинг тегишли қарорларига асосан 14 минг 986 та, ўзаро розилик асосида 5 минг 812 та ажрим ҳолати қайд этилган.

Фарғона вилояти аҳолиси зичлиги ва оилалар сони кўплиги жиҳатидан етакчи ўринларда туради. Вилоятдаги оилалар сони 1 миллион 115 минг 460 тани ташкил қилиб, 2022 йилнинг январь-август ойларида 3 минг 463 та ажрим қайд этилган. Бу оилалар сонига нисбатан тахминан 3 фоизни ташкил этади. Шундан 952 таси 30 ёшгача бўлган оилалар. Шунингдек, ФҲДЁ органларида қайд этилган ёлғиз оналар сони январь-август холатига 1 минг 281 нафарни ташкил этади.

Эрта никоҳнинг сабаби нима?

– Ҳозир қизларни эрта турмушга берилишининг энг асосий сабаби битта. Қонунчиликда никоҳ ёшининг 18 ёш деб кўрсатилиши айрим ота-оналарга жуда қўл келяпти, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Мамажонова. – Бирор ота-онага нима учун қизингизни эрта турмушга беряпсиз, ўқимайдими десангиз, қонунчиликни рўкач қилишади. Ота-она қизидан эртароқ қутулса бўлди, унинг соғлиғи, кейинги ҳаёти қизиқтирмайди.

Салбий оқибатлари...

– Бу биринчи навбатда ёш келинчакда ҳомиладорликнинг асоратли кечишида кўринади, – дейди олий тоифали шифокор Муҳаббат Курамбаева. – Камқонлик, ҳомила тушиш хавфи, сурункали касалликларнинг авж олиши, вақтидан олдинги туғуруқ, ҳомиладорлик ва туғуруқ асоратлари аёлни ногиронликка ёки нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Туғуруқ вақтида чақалоқнинг туғма нуқсонлар билан туғилиши ёки нобуд бўлиши, гестоз (шишлар, артериал босимнинг ошиши) каби ҳолатлар эрта ҳомиладорлик вақтида кўп кузатилади.

Баъзи қизларда 18 ёшда ҳам ҳали бачадон яхши ривожланмаган бўлади. Бундан бехабар қайноналар келиним ҳомиладор бўлмаяпти, деб қистовга олишади. Натижада ўртада тушунмовчилик, келишмовчилик бошланади.

Эрта ҳомиладорлик нафақат ёш аёлнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Балки аёлнинг таълим олишида, жамиятдаги ўз ўрнини топишида тўсиқ бўлади.

– Носоғлом, ривожланмаган болаларнинг дунёга келиши, қизнинг ҳали ҳаётга тўлиқ етилмагани ажримлар кўпайишига олиб келади, – дейди Дилбар Мамажонова. – Энди мактабни битириб, хаёлидан ўйин-кулги кетмаган қиз ҳали ош-овқат қилишни, кир ювишни, уй тутишни, эрга қандай муомала қилишни билмайди. Ота-она қизларини болалигича бировнинг хонадонига кузатишяпти. Тиришиб, тирмашиб ҳаракат қилган қизлар яшаб кетяпти, аммо ҳали онасини эркаси бўлиб юрганлар турмушни кўтара олмаяпти. Тушунган қайнона-қайноталар рўзғор тутишни ўргатяпти, тушунмаганлари ота-онанг ҳеч нарсани ўргатмапти, деб хайдаб юборяпти.

Фуқаролар билан учрашувларда асосан ёш бўла туриб, 1-2 нафар боласи билан ажрашган қизлар кўпроқ ёрдам сўраб келишади. Ўзининг ҳақ-ҳуқуқини, қаерга боришни билмайди. На яшашга бошпанаси, на тайинли иши бор.

Таклиф

Сўровномаларга кўра, оилашунос мутахассислар келин-куёвларни оилага тайёрлаш курсларини ривожлантириш кераклигини таъкидлади. Мактабларда юқори синфларда қизлар мактабини ташкил этиб, уларни оилага тайёрлаш бўйича йўл-йўриқлар бериш зарурлигини ҳам кўпчилик маъқуллади.

Яна бир гап. Бугун аксарият ота-оналар тирикчилик билан банд бўлиб, фарзанди тарбиясига вақт ажрата олмаяпти. Аксарият маҳаллаларга педагоглар, психологлар хотин-қизлар фаоли сифатида тайинланган. Уларнинг оила қуриш борасида тажрибалари бор. Қизлар унаштирилишидан олдин маҳаллаги хотин-қизлар фаолининг суҳбатидан ўтишини ташкиллаштириш керак. Шунда қизларимиз ота-онасидан ўрганмаган тушунчаларни озгина бўлсада жамоатчиликдан ўрганади ва елкасида масъулият пайдо бўлади.

Муқаддас динимизда ҳам илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун фарз саналади. Борди-ю, шу фарзларни бажармай туриб турмуш қурсалар, ўқиш ҳам, оила юмушлари ҳам, бола тарбияси-ю уй бекалиги ҳам чала бажарилишига йўл очилган бўлади. Бу эса оилани парокандаликка олиб келиши мумкин. Қизининг бахту камолини ўйлаган ота-оналар унинг тақдири устидан нотўғри қарор қабул қилмайди, деб умид қиламиз.

Н.Раҳмонова, ЎзА