Қаршида Қашқадарё вилоят суди, прокуратураси, оила ва хотин-қизлар, ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш ва мажбурий ижро бошқармалари ҳамда Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Оила институтини мустаҳкамлаш борасида янгича ёндашув асосида ҳамкорликда амалга ошириладиган устувор вазифалар” мавзуида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этиб, бугунги кунда оилаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар, бу борада янгича ёндашувнинг аҳамияти ва бунда ҳар бир масъул соҳанинг роли хусусида тўхталиб ўтди.

Семинар давомида вилоятдаги судлар томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди. Шунингдек, ҳамкорликдаги дастурлар доирасида келгуси вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда никоҳланувчи ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш курсларида ўқитиш масалалари, ажримларни олдини олиш борасидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Ажрим ёқасида турган оилаларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш зарурати, низоли ва муаммоли оилалар билан ишлашда белгиланган устувор вазифалар ҳақида ахборот берилди.

Шунингдек, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш, репродуктив саломатликни тарғиб қилиш, эрта туғруқларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда вояга етмаганлар фойдасига алимент ундириш билан боғлиқ жараёнлар таҳлил қилинди.

Шунингдек, оилаларни мустаҳкамлашда масъул соҳалар ва жамоатчиликнинг ўрнини ошириш, оилавий ажримларнинг олдини олишда самарадорликка эришиш чоралари ва бу борада ҳамкорликда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири