French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оилада хотин аёллигини, эр эса эркак сифатида мавқеини сақлаши зарур
21:31 / 2023-05-15

Оила тўғрисида сўз кетганда, унинг бош функцияси сифатида фарзанд кўриш, насл қолдириш, авлодлар ўртасидаги ворисийликни, боғлиқликни таъминловчи фарзандлар етиштириш – репродукция тилга олинади. Бунда аёлларнинг вазифаси учта: репродуктив, продуктив ва ижтимоий. Эркаклар, биринчи навбатда, продуктив ва ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланишади. Репродуктив вазифа – бола туғиш ва уй-хўжалигини юритиш – иш кучини тиклаш ва сақлаб туриш учун зарур. Бу ўринда репродуктив функция аёллар билан боғлиқ вазифа сифатида тилга олинаётгани бежиз эмас.

Шарқда оила ва фарзанд кўриш, бола тарбияси энг аввало аёл билан боғлиқ, деб тушунилади. Тўғри, аслида фарзанд кўришда ҳар икки жинснинг иштироки, фаоллиги зарур. Аммо Шарқ анъанасига мувофиқ, ушбу функция асосан аёлга тааллуқли, деб қаралади. Репродуктив вазифани шунинг учун қайд этяпмизки, айнан ушбу функция аёлни оилага, унда бажариладиган ишларга боғлаб қўяди, унинг кўп вақти оилада кечади.  

Репродуктив функцияни бажаришига кўра, аёл ва эркак ўртасида фарқлар, ўзига хосликлар мавжуд бўлса-да, улар маънавий-руҳий жиҳатдан ўзаро боғлиқ. Айнан ушбу боғлиқлик оилани маънавий-маданий ва ижтимоий-ахлоқий қадриятларни шакллантириш институтига айлантиради. Оиланинг маънавий-маданий ва ижтимоий-ахлоқий қадриятларни шакллантириш институти эканлиги, аввало, аёл ва эркак, хотин ва эр ўртасидаги маънавий-руҳий уйғунлик, яхлитлик, бутунликда намоён бўлади. Эр-хотин ўртасидаги маънавий-руҳий уйғунлик, ахлоқий қарашлардаги яхлитлик оила маънавий муҳитини яратади.  

Ўтказилган сўровлар натижаси кўра, маънавий-маданий қизиқишлар эр-хотин, оилавий муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган жавоблар кўп. Ислом динида эр-хотин муносабатларини маънавий-ахлоқий асосда мустаҳкамлашга даъват бор. Оиладаги диний урф-одатлар фақат дин учун эмас, балки, энг аввало инсоннинг эркин ва эзгу амалларга мувофиқ яшаши учун муҳимдир. Ислом дини негизидаги маънавий-ахлоқий қадриятлар, қарашларнинг қиммати ҳам шундадир.  

“Эй, фарзанд! – деб ёзади Имом Ғаззолий. – Ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматларида бўлиш намоз, рўза, ҳаж ва жиҳоддан ҳам савоблироқдир. Аллоҳ ота-онанинг фарзанд учун қилган яхши дуоларини ҳам, баддуоларини ҳам рад этмайди. Фарзанд учун икки дунё саодати, ота-онанинг икки лаби орасидадир”. Яъни, инсон ўзининг фарзандлик бурчини бажариб, ота-онасининг дуосини, миннатдорчилигини ва раҳматини олиши лозим. Бундай маънавий жиҳатлар ўзидан ўзи шаклланмайди, ота-онанинг юксак маънавияти фарзандларда тақлид уйғотади, уларни ўз ота-онасидан ибрат олиб яшашга ўргатади.  

Оиладаги маънавий-маданий қизиқишга китоб, мутолаа ҳам таъсир этади. Шу боис кўпчилик китоб мутолаасини оиладаги маънавий-маданий қизиқишларга таъсир этувчи омиллардан бири, деб ҳисоблайди. Бу ҳол шахсни мустақил изланишга ўргатади, мутолаа орқали ўз фикрини ривожлантиришга ундайди. Бироқ, якка изланиш, мутолаа нафақат шахсга, балки билвосита оиладаги маънавий муҳитга ҳам таъсир қилади. Китобга, илмга меҳр-муҳаббат кишининг дунёқараши билан бир қаторда, ақл-идроки, мураккаб ҳаётий масалаларни ҳал қилиш кўникмасини ҳам ривожлантиради. Китоб мутолааси ахборот олиш орқали иродага таъсир қилади, кишини ҳаётий идеал танлашга ўргатади.  

Мулоқот оилавий муносабатларнинг асосини ташкил этади. Ҳеч қандай ижтимоий муҳитда мулоқотнинг қиммати, қадри оила ҳаётидагидек ўзини тўла намоён қилмайди. Мулоқот – маънавий-маданий бойлик. Лекин у муҳитга, шароитга, бошқа кишининг руҳий ҳолати, кайфияти ва эҳтиёжларига қараб ўзгариб туради. Ҳамма билан бир тартибда, бир усулда мулоқот қиладиган киши учрамайди.  

Оилада ота-она, яъни эр-хотин ёки бобо-бувининг дастурхон атрофидаги панд-насиҳати, ўгитлари асосан оилавий қадриятларни асраб қолишда, замонавий намунали оила моделини яратишда ҳам муҳим омилллардан бири ҳисобланади. Бинобарин, қуш уясида кўрганини қилади. Ёки ўғил бола мард, жасур, ғурурли бўлиб вояга етишини истаган оталар тарбияда қаттиққўл, оналар фарзандларнинг одоб-ахлоқи борасида чуқурроқ мулоҳаза юритиб иш тутмоқлари лозим. Тарбиянинг ҳаёт-мамотлиги, саодат ёхуд фалокатлиги ҳам шундадир.  

Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида мутлақо янги босқичдаги тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Очиқ эътироф этиш керак, мамлакатимизда оилавий муносабатларга доир айрим салбий кўрсаткичлар мавжуд. Жумладан, айрим ҳолларда, эр-хотин ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви оила маънавий муҳитининг носоғлом бўлишига, турли хил низоларга, нотинчликларга сабаб бўлмоқда. Натижада бундай муаммоли оилаларда ўсаётган фарзандлар онгида “оила” тушунчаси ҳақида турли салбий тасаввурлар пайдо бўлмоқда. Хусусан, агар оилада аёл киши устун бўлиб, рўзғорни фақат она бошқараётган бўлса, бу оилада камол топаёттган қизлар шаддод, андишасиз, ўғил болалар ҳалим, қўрқоқ, қўлидан ҳеч иш келмайдиган, ўз мустақил фикрига эга бўлмаслигини ҳаёт кўрсатмоқда.  

Маҳаллаларда Хотин-қизлар фаоли сифатида фаолият юритаётган  мутахассислардан бугун оилавий муносабатларга салбий таъсир этаётган, ҳаттоки ажрашишларга сабаб бўлаётган муаммолардан асосийлари қайси омиллар экани сўралганида, аксарият ҳолларда йигит кишининг оилани бошқаришга уқуви йўқлиги, мустақил ҳаётга тайёр эмаслиги, қўлида на бир иши, на бир ҳунари йўқлиги асосий муаммолардан бири эканини таъкидлашмоқда.  

Айни шу муаммолар ечимига эътибор қаратсак, йигитларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласи ҳам ўта муҳим масала эканлигига амин бўламиз. Фикримизча, таълим тизимида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масалаларига  ҳам алоҳида соатлар ажратилиши зарур. Ушбу йўналишда   ўқув дастурларидан йигитлар учун ҳам оилавий ҳаёт этикаси, оилада соғлом турмуш тарзига риоя қилишнинг аҳамияти, оила бюджетини тузиш ва юритиш, оилавий тадбиркорлик асослари, оилавий ҳаётда асқотадиган ҳунарларга ўргатиш ва бошқа шунга ўхшаш масалалар ўрин олмоғи керак. Чунки чинакам йигит, эрта-индин ота бўладиган шахс оиланинг таянчи, аҳли аёли, онаси, қизларининг суянчи, ўғилларининг ибрат намунаси бўлиши учун нималарга тайёр бўлиши кераклигини оила қургунга қадар ўрганиши шарт. Оила бошлиғи бўлиб туриб битта мих ура олмаса, ёки турмуши фаровонлигини таъминлаш учун истиқбол режалар туза олмаса, у оилада ҳаловат бўлиши амри маҳол. Қайсики оилада меҳнат ижод даражасига кўтарилса, меҳр-оқибат устувор бўлса, катта катта ўрнида, кичик ўз ўрнини билса, аёл бу аёл, эркак эса эркак сифатида мавқеини сақласа, албатта у ерда  ижтимоий маънавий муҳит соғлом бўлади.  

Абира Ҳусейнова,  

Ўзбекистон Республикаси  

Олий Мажлис Сенатининг хотин-қизлар ва гендер тенглик 

масалалари қўмитаси аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор.  

ЎзА