Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати» мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Анжуманда сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг раҳбари Зулайҳо Маҳкамова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ҳақидаги маърузасида барча вазирлик, идора ва муассасалар, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилганлигини қайд этди.
Бошланғич ташкилотлар зиммасига меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида меҳнат қилаётган ва таълим олаётган барча хотин-қизларни қамраб олиш, уларнинг ҳол-аҳволи ва ташвишларидан хабардор бўлиш, заруратга кўра, уларга ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш вазифалари юкланади. Зеро, аёлларимиз, энг аввало она, хонадон бекаси, ёш авлоднинг тарбиячиси ҳисобланади. Уларнинг маърифий ва маданий савияси, билим даражаси фарзандларига -- миллатимиз келажагига таъсир ўтказиши, шубҳасиз. Шу сабабли, жамиятимиз ўз олдига янгидан янги олиму фузалоларни етиштириш вазифасини қўяр экан, хотин-қизларнинг таълими масаласига эътибор қаратаётгани бежиз эмас.
Давлат бошқаруви академиясининг илмий ишлар ва халқаро алоқалар бўйича проректори Алишер Умаров таъкидлаганидек, келажакда олим бўладиган болани магистр даражасига эга онагина тарбиялай олади. Шу сабабли ҳам давлатимиз томонидан олий ўқув юртлари магистратура босқичида хотин-қизларнинг бепул таълим олиш имконияти таъминланди.
Умуман, жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ўз қобилиятини намоён этиши учун имкониятлар мавжуд. Навбатдаги вазифа ана шу яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиш, бу борадаги масъулиятни тўғри англаш, жамият ва оила олдидаги бурчини сидқидилдан адо этишдан иборатдир.
Албатта, бу ниҳоятда масъулиятли ва мураккаб вазифа. Бунга эришиш учун анжуман иштирокчилари томонидан Давлат бошқарув академиясида “Ўзбекистонда аёллар билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечими” мавзуида 2-3 кунлик ўқув ташкил этиш; идора ва ташкилотларимизда хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар етакчиларининг намунавий ягона кўринишда инновацион бурчагини ташкил этиш; бошланғич ташкилот етакчиларининг аёллар ёки оилавий масалаларда ҳамкасбларидан кунлик келиб тушадиган муаммоли мурожаатлар билан тезкор ишлашини таъминлаш мақсадида Қўмитанинг махсус телеграм-бот фаолиятини йўлга қўйиш каби қатор таклифлар илгари сурилмоқда.
Анжуманни, мазмун-моҳиятига кўра, бошланғич ташкилотлар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан ўқув- семинар ҳам дейиш мумкин.
З.Бобоева, ЎзА