Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мажлислар залида Қўмита ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида «Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалаларида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик тамойилига асосланган ҳамкорликни кучайтириш» мавзусида мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилди.
Хусусан, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида ижтимоий шериклик асосида жойларда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан қутқариш, уларни ҳимоялаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, уларга услубий ёрдам бериш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг фармони билан нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитиш йўлга қўйилди.
Шу кунга қадар мазкур малака ошириш курсида 300 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ўқиган бўлса, шуларнинг 159 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Тадбирда оила ва хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини кучайтириш, уларнинг хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ютуқ ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бунда илғор тажриба ва инновацион ёндашувларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани хусусида сўз юритилди.
Мулоқот давомида ҳудудлардан онлайн иштирок этган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларга ечим топишда давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш ташкил этишнинг натижалари хусусида фикр билдирди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, хотин-қизларни жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалаларида фаол ишлаб келаётган бир гуруҳ нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА