Чирчиқ шаҳрида замонавий, шинам ва барча талабларга мос “Оила ва хотин-қизлар маскани” фойдаланишга топширилди.
Масканни очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова, вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Н.Нормирзаева, Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши раиси С.Файзиева ҳамда Чирчиқ шаҳар ҳокими Муроджон Абдураҳимов иштирок этди.

Мазкур масканни бунёд этишдан мақсад – оилавий муносабатларда барқарор муҳитни таъминлаш, хотин-қизлар ва ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллиги ҳамда иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашдан иборат.

Бу ерда никоҳ ёшидагилар, ёш оилалар ва низоли оилалар учун махсус психологик, ҳуқуқий ва тиббий маслаҳатлар берилади. Шунингдек, хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, миллий либосларни тарғиб этиш бўйича ўқув курслари ва кўргазмалар ташкил этилади.

Маскан ҳузурида “Соғлом она – соғлом бола”, “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш”, “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш”, “Оилавий ажримларнинг олдини олиш” каби йўналишларда махсус кунлар жорий этилган. Ушбу тадбирлар доирасида оилалар билан индивидуал ишлаш, медиация ва коррецион дастурлар орқали муаммоларни ҳал этиш назарда тутилган.

Янги марказда тадбиркорликни бошлаётган хотин-қизларга амалий кўмак кўрсатиш, электрон тижорат имкониятларини ўргатиш ҳамда устоз-шогирд анъаналари асосида мастер-класс ўтказиш режалаштирилган.
А. Мусаев, ЎзА