Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оила ва аёллар ҳимояси учун барча масъул!
12:54 / 2023-12-01

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида белгиланган.  

Шу муносабат билан ҳар йили дунё миқёсида, шу жумладан, мамлакатимизда 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади.  

Жорий йилда ҳам “Зўравонликка қарши 16 кун” умумий шиори остида “Хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда фаоллик кўрсатинг!” мавзусида туркум тадбирлар ўтказилмоқда.  

“Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остидаги тадбирлар орқали аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатларни давом эттириш зарурлигига кенг ҳамжамият эътиборини қаратиш муҳим. Акция доирасидаги турли тадбирлар, аёллар ва уларнинг болаларига зўравонликдан қутулиш имконини берувчи лойиҳалар ва одамларга аёлларга нисбатан зўравонликнинг оқибатлари ҳақида тушунтириш кампаниялари жадал олиб борилмоқда.  

Таъкидлаш ўринлики, аёлларга нисбатан зўравонлик – тенглик, тараққиёт ва тинчлик соҳасида юксалишга эришиш, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги тўсиқдир. Зеро, Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий тамойили – ҳеч ким унутилмаслигини таъминлашдан иборат бўлиб, унга аёлларга нисбатан зўравонликни йўқотмасдан эришиш мумкин эмас.  

Кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, долзарб масалага ўзига хос, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида муқобили йўқ ечимлар таклиф этилаётгани, никоҳга, оилавий муносабатларга, фарзанд тарбиясидаги азалий анъаналарнинг ўрни ва аҳамиятига илмий асосланган йўл-йўриқлар тақдим этилаётгани, келажакни кўзланган мақсадлар белгиланаётгани ҳам алоҳида эътиборга моликдир.  

Хотин-қизларни ва болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга, улар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини, шу жумладан оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш жамоатчиликнинг диққат-марказидаги масалага айланди.  

Хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, уларни зўравонликдан ҳимоялашга қаратилган ишлар муайян вақт ва тадбирлар билан чегараланмайди.  

Ўзбекистонда фуқароларни зўравонликдан ҳимоялаш, ҳар қандай зўравонликка муносиб жазо тайинлаш миллий қонунчилигимизда, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан қатъий белгилаб қўйилган.  

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, миллий қонунчилигимизга қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб, қонунчилик такомиллаштирилган.  

Жумладан, қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик”, “таъқиб этиш” каби тушунчалар киритилиб, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланди. 

Халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган Шарқий Европа ва Марказий Осиёда Грузия, Қирғизистон, Молдова ва Украинадан кейин 5-давлатга айлангани эътироф этилди.  

Қайд этилганидек,  жорий йилнинг 10 ойи давомида 32 минг  14 нафар хотин-қиз ҳимоя ордери бериш орқали давлат ҳимоясига олинди. 

Шу орқали жумладан, 14 минг 296 та оилани яраштиришга, 16 минг 843 та низони бартараф этишга эришилган. Низо бартараф этилмаган 1 минг 444 та оилада зўравон шахсларни тузатиш дастуридан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.  

8 минг 527 та ҳимоя ордери бўйича маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.  

Конференцияда айни йўналишдаги жорий ҳолат муҳокама қилиниб, якунлари бўйича ишлар натижадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.  

Анжуманда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева сўзга чиқди.  

 

Н.Усмонова,  

ЎзА